14:11 / 25.12.2020
4483
Бир оила елкасидаги икки дард: она ва боланинг операцияси учун ёрдам зарур

Дард ёмон, қўш келган дард ундан ҳам ёмон. Бир вақтнинг ўзида икки яқин инсонингизнинг дард билан курашаётганини кўриш учун қанчалар мустаҳкам иродаю сабр-тоқат керак? Яккабоғлик Жуманазаровлар оиласи шундай синов қаршисида қолишган.

Таҳририятимизга ёрдам сўраб мурожаат қилган Абдумалик Жуманазаров икки яқин инсонининг дарди билан куйиб ёнмоқда: оиланинг кенжа ўғли Абубакр Бердиназаров туғма нуқсон – юқори танглай ва лаб ёриғи билан туғилган. Шу боис болажон қийналмоқда, ҳали 10 ойлик бўлишга улгурмай ўпка шамоллаши ва тутқаноқни бошдан кечирган. Бола тузалиб кетиши учун уч босқичда операцияни бошдан ўтказиши керак.

Жарроҳлик амалиётнинг дастлабкиси 4 январ кунига белгиланган. Уни ўтказиш учун эса маблағ зарур.

Бундан ташқари, оиланинг бекаси ҳам дард билан курашяпти – учинчи фарзандга ҳомиладорлик чоғида ҳар икки буйракусти безларида аденома борлиги аниқланган. Аденомалар таъсирида умуртқа ҳам зарар кўрмоқда, унинг учта поғонаси емирилиб, ўтирганда ҳам, юрганда ҳам оғриқ беряпти. Буйракусти безининг биттаси операция қилинган, иккинчисини ва умуртқа поғонасини даволатиш учун оила молиявий жиҳатдан қийналиб қолган.

“Аёлимнинг иккинчи буйрагини даволаш учун 800 доллар, умуртқа поғонасидаги операция учун тахминан 1000 доллар маблағ керак бўлар экан.

Илгари Россияда ишлаб, оиламни боқардим. Ҳозир пандемия туфайли кета олмай турибмиз. Кунлик ишлар билан тирикчилик қилиб тураман. Ҳозирда оиламизнинг ягона боқувчиси дадам, ҳайдовчилик билан рўзғор тебратяптилар. Операцияга имкониятимиз йўқлиги учун савоб талабидаги инсонларнинг ёрдамидан умид қиламиз”, – дейди Абдумалик Жуманазаров.

Она – Гулҳаё Маҳмудованинг руҳи тушкун. Ўзининг жисмдаги дард бир оғриқ берса, жигарбандининг хасталиги минг оғриқ беряпти.

“Ҳомилам қорнимдалигининг 5-ойларида танамда шишлар, қон босимимнинг кўтарилиши бошланди. Боламни 7 ойлигида кесарча кесиш йўли билан дунёга келтирдим. Шундан кейин ҳам шишлар қайтмади. Битта операцияни бошдан ўтказдим. Энди иккинчи буйракни ва умуртқани операция қилиш керак. Доим оғриқлар бор – юра олмайман, ўтира олмайман... Илтимос, ёрдам беринглар...”, – дейди у.

Энди атак-чечак қилаётган болажон ва унинг онаизори шифо топиши учун бу оилага ёрдам қўлини чўзайлик. Аллоҳ қилаётган хайрли ишларингизни охиратга захира қилсин, бу дунёда ҳам мол-мулкингизни кўпайтириб берсин!

Оиланинг қўшимча маълумотлари:

UzCard: 8600 0417 0115 0279 (Абдималик Жуманазаров номида)

Humo: 9860 0301 9897 8428 (Абдималик Жуманазаров номида)

Сбербанк: 5469 3800 8017 2850 (Нурбек Муратбеков номида)

Visa: 4588 1200 0032 3418 (Абдималик Жуманазаров номида)

Телефон: +998 93 9398790

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top