12:52 / 22.01.2021
3404
Банкларда карта PIN-кодини мижознинг ўзи теришига имконият бериш талаби қўйилди

Банкларда тўлов амалга ошириш ёки банк картасидаги пулни нақдлаштириш жараёнида карта PIN-кодини мижознинг ўзи теришига имконият бериш талаби қўйилди.

Фото: Shutterstock

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар бермоқда Марказий банк.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, фуқароларнинг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг омонати кафолатлангани тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек, омонатчиларнинг банкка жойлаштирган омонатлари юзасидан хотиржамлигини таъминлаш мақсадида банк ходими ўз хизмат вазифасини бажариши давомида ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйган ҳолда омонатчига зарар етказса, бундай ҳолатда банк омонатчи олдида ўз ходимининг ҳаракатлари учун жавобгарлиги ҳамда фуқароларнинг банкдаги омонатлари “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ кафолатланган бўлса, банк омонати (депозити) шартномасида бу ҳақда маълумот акс эттирилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, банкларга истеъмолчиларнинг банкка қўйган омонат (депозит) маблағлари ҳамда омонат бўйича кирим-чиқим амалиётларига доир маълумотларни банкка бормасдан интернет-банкинг тизими ёки мобил илова орқали билиб олиш имкониятини таъминлаб бериш мажбурияти юкланди.

Бугунги кунда фуқароларнинг банк карталарига қўйилган PIN-коди турли йўллар билан бошқа шахслар томонидан аниқланиб, ундаги маблағларни карта эгалари розилигисиз ва хабарисиз ишлатиб юбориш ҳолатлари кўп учраётгани инобатга олиниб, низомга банк филиали ёки унинг таркибий тузилмасида терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки банк картасидаги пул маблағини нақдлаштириш бўйича хизмат кўрсатганда банк картасини тақдим этувчига (банк карта эгаси ёки картасидан фойдаланиш ваколати берилган шахс) ушбу карта PIN-кодини мустақил теришга имкон яратиб бериш талаби киритилди.

Бундан ташқари, банк фаолиятига оид жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, банкларда мижозларга хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш орқали мижозлар билан мулоқотга киришиш, эҳтиёжларини аниқлаш, маҳсулот/хизматни тақдим этиш, таклиф шакллантириш, эътирозлар билан ишлаш ва мулоқотни якунлаш жараёнида банк ходимлари хулқ-атвори ва касбий одоб-ахлоқ қоидаларини назарда тутувчи мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари жорий этилиши шартлиги белгиланди.

Top