11:02 / 15.02.2021
2812
“Британча” штаммни аниқловчи илк тест-тизим ишлаб чиқилди
Фото: Tengrinews.kz

Роспотребнадзорнинг эпидемиология марказий илмий-тадқиқот институти коронавируснинг “британча” штамми - N501Y мутациясини аниқловчи АмплиСенс® SARS-CoV-2-UK-IT тест-тизимини ишлаб чиқиб, уни рўйхатдан ўтказди. 

Таъкидланишича, янги тест-тизим айнан ушбу штаммни тезкорлик билан аниқлаш учун мўлжалланган. Бу эса вирус юкламаси юқори бўлган намуналарда мутацияларни аниқлашда сохта мусбат натижалардан қочиш имконини беради.

Янги технологияни коронавируснинг бошқа ҳар қандай мутациясини ҳамда тезкор оммавий тест ўтказиш талаб этиладиган бошқа юқумли қўзғатувчиларни (пандемик инфекциялар) аниқлаш учун реагентларни ишлаб чиқишда қўллаш мумкин.

Британияда коронавируснинг янги штамми аниқлангани ҳақида 2020 йил декабрь охирида маълум бўлганди. “Британча” штамм юқумлироқ ҳисобланса-да, оғир ҳолатларга олиб келмайди. Бундан ташқари, у ҳам аксарият ҳолатларда ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Шу сабабли, унга қарши ўз самарадорлигини исботлаган аввал қўлланган чоралар сақланиб қолади: касалланганларни алоҳидалаш, ижтимоий масофага амал қилиш, шахсий ҳимоя воситаларини қўллаш ва эмлаш.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳозирда “британча” штамм дунёнинг 41та давлатида аниқланган. Бундан ташқари, 6та давлатда унинг дастлаб ЖАРда қайд қилинган мутацияси аниқланган. 

Top