Фанлар академияси хабарига кўра, ускуналар президентнинг олимлар билан бўлган учрашувида берган топшириғи асосида олиб келинган бўлиб, унинг қурилма ишчи частотаси 600 МГтс.га тенг. Мазкур ядро магнит резонанси спектрометри нафақат республикада, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
«ЯМР спектрометрида олинган спектрал маълумотлар органик кимё, фармацевтика, тиббиёт, кимё, озиқ-овқат саноати ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқиш соҳаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотларда кимёвий молекулалар тузилишини ва стереокимёсини тадқиқ қилиш, истиқболли биологик фаол бирикмаларни аниқлаш, уларнинг кимёвий модификациялари, трансформациялари ва синтез маҳсулотларини ҳам сифат, ҳам миқдор жиҳатидан тадқиқ қилиш, «тузилиш-фаоллик» боғлиқлигини ўрганиш, шунингдек, дори воситаларининг ўзаро ва биологик нишонлар билан таъсирлашиш механизмлари ҳамда метаболизм механизмлари, улар ишлаб чиқарилишини назорат қилиш ва препаратлар стандарт намуналарини тайёрлаш учун аҳамиятли», дейилади академия маълумотида.


Замонавий ЯМР спектрлари натижалари асосида импакт фактори юқори бўлган халқаро илмий журналларда мақолалар нашр этиш, биринчи марта олинган бирикмалар, жумладан дори воситалари учун фармацевтика илмий-техник ҳужжатлари ва патентларни расмийлаштириш мумкин.
Ҳозирда ушбу ускуналар Ўсимлик моддалари кимёси институтининг Физикавий тадқиқот усуллари лабораториясида ўрнатилган ва ишга туширилган.


