01:57 / 26.03.2021
9420
Зойир Мирзаев Kun.uz'га миннатдорчилик билдирди. Кўтарилган муаммо ҳоким ташаббуси билан ҳал бўлди

Kun.uz эълон қилган мақоладан сўнг, Қаршидаги «Ватанпарварлар» боғи ишчиларининг ойлаб кечиккан маошлари тўлаб берилди. Бундан ташқари, уларнинг ойликлари ошириладиган бўлди.

Kun.uz 20 март куни фуқаролар мурожаати асосида тайёрланган «Қаршида «Ватанпарварлар» боғи ишчилари ойлаб маош ололмаяпти. Бу биринчи мартаси эмас» сарлавҳали мақола эълон қилганди.

Мақолада мазкур боғ ишчилари қарийб уч ойдан бери маош ололмаётгани, бундан бир йил олдин ҳам шундай муаммо рўй бергани айтилганди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов кўтарилган муаммо ечим топганини хабар қилди.

«Ватанпарварлар» боғи ишчиларининг мурожаати бўйича вилоят ҳокими топшириғи билан шу жойнинг ўзида тегишли ташкилотлар иштирокида муаммога сабаб бўлган омиллар ўрганилди. Ходимларнинг иш ҳақи тушириб берилди.

Шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган, вилоятимизга ташриф буюрадиган меҳмонлар доимий қадами узилмайдиган ва шаҳар аҳолисининг эрталабки ҳамда кечки сайргоҳига айланган манзил ободлиги учун меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар фидойилиги катта ҳурматга сазовор.

Шу муносабат билан, эндиликда боғ ходимлари 1 апрелдан Қарши шаҳар ободонлаштириш бўлимига доимий ишга қабул қилинади. Шунингдек, уларнинг иш ҳақлари ҳам оширилади. Яъни, тўлиқ бюджет ташкилоти ходимлари ҳисобланади.

Шунингдек, бундан ташқари ходимларнинг ишчанлик ҳолати, меҳнатига қараб иш ҳақининг яна тўртдан бир қисми миқдорига устама ҳам тайинланиши мумкин.

Шу ўринда, фуқароларимиз дарди очиқ ва холис олиб ўрганилиб, ёритилгани учун вилоят ҳокими Зойир Мирзаев таҳририятга миннатдорчилик билдирди», – дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарида.

Kun.uz «Ватанпарварлар» боғи ходимлари билан ҳам боғланди. Ишчилар барча маошларини олганини маълум қилишди.

Top