10:16 / 30.03.2021
44000
Коронавирус: Ўзбекистонда бир кунда икки бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 2 нафари вафот этгани ҳақида хабар қилди. Йил бошидан буён кунлик ўлим кўрсаткичлари биттадан ошмаганди.

«2021 йил 29 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 82682 (+146) нафарни ташкил этмоқда», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Янги касалланиш ҳолатларининг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилмоқда:

  • 2 нафари Андижон вилоятида,
  • 3 нафари Бухоро вилоятида,
  • 2 нафари Наманган вилоятида,
  • 2 нафари Сирдарё вилоятида,
  • 1 нафари Сурхондарё вилоятида,
  • 1 нафари Фарғона вилоятида,
  • 1 нафари Хоразм вилоятида,
  • 19 нафари Тошкент вилоятида,
  • 115 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 628 нафарга eтди. Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда бир кунда коронавирус оқибатида икки кишининг вафот этиш ҳолати сўнгги бор 2020 йилнинг 30 ноябрида қайд этилган. Шундан буён ССВ томонидан эълон қилинган статистикада фақат бир киши вафот этаётган эди.

Кеча кун давомида:

  • Қорақалпоғистон Республикасида 1 нафар,
  • Бухоро вилоятида 6 нафар,
  • Жиззах вилоятида 2 нафар,
  • Тошкент вилоятида 22 нафар,
  • Тошкент шаҳрида 101 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 80799 (+132) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 1255 нафар бемор даволанмоқда, улардан 191 нафари оғир, 85 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда март ойидан бошлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпая бошлагани муносабати билан бир қатор таълим муассасалари вақтинча ёпилгани ёки таълимни масофавий шаклга ўтказгани тўғрисида хабар берилганди. 1 апрелдан оммавий тадбирларни ўтказишга айрим чекловлар ўрнатилмоқда. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top