13:54 / 13.04.2021
11045
“Маънавияти паст одам учун бу йигит ўзининг касбидан совимасин” - Зойир Мирзаев Чироқчида калтакланган ўқитувчи билан суҳбатлашди

Чироқчи туманидаги 134-умумтаълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси ўқувчининг акалари томонидан калтаклангани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. 

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев калтакланган ўқитувчи билан онлайн мулоқот қилиб, вазиятни шахсан назоратига олгани ҳақида хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

«Тарқалган хабарларни ўқидим. Биз бу ҳолатни ҳуқуқ-тарғибот идораларига айтдик. Барибир охирига етади. Жараён ўзимнинг назоратимда. Сиз қишлоққа зиё тарқатишга боргансиз. Албатта буни қадрига етган одам етади. Қадрига етмаган одам барибир ўзининг фарзандига, ўзининг авлоди келажагига жабр қилади. Сизга ўхшаб фарзандининг тил билишини хоҳлаган одам ундай иш қилмаслиги керак. Бу жудаям ахлоқсизлик, мен жуда ёмон баҳолайман бу ҳолатни», деган Зойир Мирзаев.

Маълум бўлишича, Шоҳнур Оққўзиев асли Қарши туманидан бўлиб, 2021 йилда ўқишни тугатган ва Чироқчидаги мактабда иш бошлаган. У қатнаб ишлаган, айрим кунлари Чироқчида тунаб қолишига тўғри келган. Йўлкиранинг ўзига кунлик ўртача 35-40 минг сўм харажат қилган. Вилоят ҳокими Оққўзиевнинг соғлиғи билан қизиққан ва йил якунига қадар унинг йўл харажатлари ҳамда мактабдаги иқтидорли ўқувчиларга қўшимча дарс бериши учун ўн миллион сўм ўтказиб беришини айтган.

Зойир Мирзаев шунингдек, Шоҳнур Оққўзиевнинг онаси билан суҳбатлашиб, унга миннатдорчилик билдирган. “Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Буларга аччиқ қилиб касбдан совиш керак эмас. Бир маънавияти паст одам учун бу йигит ўзининг танлаган касбидан совимасин. Мана шу ишни қилган одамлар умрининг охиригача ўзига савол беради. Бу савол уларни кўп қийнайди, агар уларнинг виждони бўлса. Сизларга ёрдам беришга тайёрмиз. Шунча жойга бориб ишлаётган ўқитувчининг бу аҳволга тушганидан биз ҳам анча безовта бўлдик”, дея ёш ўқитувчининг онасига далда берди ҳоким.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Top