08:28 / 09.05.2021
1089
Солиқ қарздорлиги мулк хатлови ва аукциондаги сотув билан қопланди

Қашқадарё вилоят Шаҳрисабз туманидаги «Кеш оригинал сервис» МТП (машина трактор парки)га тегишли трактор гаражи давлат солиқ инспекциясидан қарздорлик туфайли онлайн аукционда сотилди. Бу ҳақда вилоят МИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда ёзилишича, трактор паркини солиқдан қарздорлиги 2020 йил 20 апрелда 44 млн 626 минг 932 сўмни ташкил этган.

Шаҳрисабз туман ДСИнинг 20 апрелдаги қарорига асосан қарздор «Кеш оригинал сервис» МТП (машина трактор парки)дан солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган. Ушбу ижро ҳужжати МИБнинг Шаҳрисабз туман бўлимига келиб тушганидан сўнг, МТП раҳбарига қарздорликни бартараф этиш бўйича бир неча маротаба ёзма ва оғзаки огоҳлантиришлар берилгани ёзилган. Аммо огоҳлантиришлар фойда бермагач, 2020 йил 25 апрелда қарздорга тегишли тумандаги Янгиобод қишлоғида жойлашган 36 сотих майдонга эга нотурар трактор гаражи биноси хатлаб олинган.

2020 йил 11 майда «Онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» орқали электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган. Ушбу нотурар бино 2021 йилнинг 15 апрель куни 116 млн 800 минг сўмга сотилиб, сотувдан тушган пул маблағи солиқ қарздорлигига йўналтирилган.

Аввалроқ, Деҳқонобод туманида МИБ ходимларининг огоҳлантирувига қарамай, алимент тўловини тўламаган ота қамалган эди.

Top