10:07 / 13.05.2021
6359
Хорижда ишлаган юздан ортиқ америкалик дипломат ва ҳарбийда мия шикастланиши аниқланди — ОАВ
Фото: Depositphotos

Хорижда ишлаган 130дан ортиқ америкалик дипломат ва ҳарбий мия шикастланиши билан боғлиқ сирли муаммоларга дуч келди. Бу ҳақда New York Times нашри собиқ ва амалдаги расмий шахсларга таяниб хабар берди.

Таъкидланишича, дастлаб Хитой ва Кубада ишлаган 60 нафар америкалик бундай муаммога тўқнаш келгани маълум бўлган. Энди ушбу муаммо Европа ва Осиё давлатларидаги ходимларда қайд қилинган. АҚШнинг ўзида қайд қилинган ҳолатларда эса ходимлар хориждаёқ шикастлангани ва унинг асорати кузатилаётгани тахмин қилинмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, жабрланганларда мия шикастланиши даражаси мия оғриғидан бошлаб ўз жонига қасд қилишгача турфаланмоқда.

Таъкидланишича, бундай ҳолатлар 5 йил аввал қайд қилина бошлаган. Ўшанда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти ушбу ҳолатларни қатъийроқ тергов қилишга ҳаракат қилган. Бироқ Оқ уй ходимлари соғлиқ билан боғлиқ маълумотларни ҳимоялаш ҳақидаги федерал чеклов сабабли ўзларига зарур ахборотни олишда қийинчиликка дуч келишган.

Маълумотларга кўра, Оқ уйнинг амалдаги маъмурияти амалдорлар ва ҳарбийларда мия шикастланишини аниқлаш билан шуғулланувчи масъулларни тайинлашга чақирган.

Айни вақтда Марказий разведка бошқармасида мия шикастланиши билан боғлиқ янги ҳолатлар ҳақида ахборот тўпловчи махсус бўлим ташкил этилган. МРБ директори ўринбосари Дэвид Коэн ушбу ҳолатлар терговига масъул этиб тайинланган.

Аввалроқ CNN телеканали манбаларга таяниб, АҚШда хориждаги ходимларга қарши қўлланган «йўналтирилган энергия» технологиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилгани тахмин қилинаётган 2та ҳолат ҳақида маълум қилган. Унга кўра, бундай ҳужумлардан бири 2020 йил ноябрда Оқ уй олдида юз берган. 2019 йилдаги яна бир ҳолатда эса Оқ уй ходимаси Вашингтон билан чегарадош Виржиния штатида ити билан сайр қилаётганда бундай ҳужумга учраган. 

Top