06:29 / 27.05.2021
13667
«Вильярреал» «МЮ»ни мағлуб этиб, еврокубокни қўлга киритди

Испаниянинг «Вильярреал» клуби чоршанба оқшомида ўтказилган учрашувда Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клубини пенальтилар сериясида мағлуб этиб, Европа Лигаси ғолиблигини қўлга киритди.

Фото: Getty Images

Европа Лигаси финалида Испаниянинг «Вильярреал» ва Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клублари ўзаро тўқнаш келишди. 

Европа Лигаси. Финал
Вильярреал — Манчестер Юнайтед 1:1

Голлар: Морено (29) — Кавани (55).
Пенальтилар серияси — 11:10: Ж.Морено (1:0), Мата (1:1), Раба (2:1), Теллес (2:2), Алькасер (3:2), Фернандеш (3:3), А.Морено (4:3), Рэшфорд (4:4), Парехо (5:4), Кавани (5:5), Гомес (6:5), Фред (6:6), Альбиоль (7:6), Жеймс (7:7), Коклен (8:7), Шоу (8:8), Гаспар (9:8), Туанзебе (9:9), Торрес (10:9), Линделёф (10:10), Рульи (11:10), Де Хеа (11:10, дарвозабон).
Вильярреал – Рульи, Фойт (Гаспар, 88), Пау Торрес, Альбиоль, Педраса (А.Морено, 88), Парехо, Пино (Алькасер, 77), Тригерос (Мои Гомес, 77), Капу (Раба, 120+3), Бакка (Коклен, 60), Ж.Морено.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Уан-Биссака (Теллес, 120+3), Шоу, Байи (Туанзебе, 116), Линделёф, Фернандеш, Погба (Жеймс, 116), Мактоминей (Мата, 120+3), Кавани, Гринвуд (Фред, 100), Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Капу (54), Байи (82), Фойт (84), Кавани (113).
26 май. Гданск. «PGE Арена»

Ўйиннинг асосий вақтида кучлар тенг келди - 1:1. Биринчи бўлимда Жерар Морено «Вильярреал»ни олдинга бошлади, иккинчи бўлим бошида манчестерликларнинг уругвайлик ҳужумчиси Эдинсон Кавани ҳисобни тенглаштирди.

Қўшимча бўлимларда жамоалар ҳисобни ўзгартира олишмади, пенальтилар сериясида эса жамоа футболчилари хатосиз ҳаракат қилишди, натижада масалани дарвозабонлар ҳал қиладиган бўлишди.

«Вильярреал»нинг аргентиналик дарвозабони Херонимо Рулли дастлаб штатдаги пенальтичи каби «Манчестер» дарвозасини ишғол этди, кейин эса Испания терма жамоаси посбони Давид де Хеанинг зарбасини қайтариб, жамоасига ғалаба келтирди.

Европа Лигаси финали Польшанинг Гданьск шаҳрида бўлиб ўтди. 40 минг томошабин сиғимига эга стадионда 10 мингга яқин мухлис киришига рухсат берилди.

Оле-Гуннар Сульшер учун бу финал «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи сифатида илк совринни ютиш учун имкон эди - аммо мақсадга эришилмади. «МЮ» Премьер-лигада иккинчи ўринни эгаллагани туфайли кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этади.

«Вильярреал» бош мураббийи Унаи Эмери учун эса бу Европа Лигасидаги тўртинчи ғалабадир: аввалги уч совринни у 2014-2016 йилларда «Севилья» бош мураббийлигида қўлга киритган.

Унаи Эмери 2018-2019 йилги мавсумда Лондоннинг «Арсенал» клуби билан ҳам Европа Лигаси финалига чиққанди, аммо жамоа ҳал қилувчи беллашувда Лондоннинг бошқа бир жамоаси «Челси»га ютқазган. Жорий мавсумда сариқ субмариналар ЕЛ ярим финалида айнан «Арсенал» тўсиғидан ўтишди (2:1, 0:0).

«Вильярреал» ҳам бу ғалаба орқали ЕЧЛга йўлланма олди.

29 май куни Европанинг асосий еврокубоги бўлмиш Чемпионлар лигаси кубоги учун финал баҳси ўтказилади - Портудаги «Драгау» стадиони қабул қиладиган ўйинда Англиянинг «Манчестер Сити» ва «Челси» клублари ўзаро кураш олиб боради.

Top