16:22 / 07.07.2021
8603
“Загранпаспорт”ларни исталган ҳудуддаги “паспорт стол”дан олиш мумкин бўлди

Ўзбекистон фуқароси хорижга чиқиш паспортларини республиканинг исталган ҳудудидаги ички ишлар бўлимлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари орқали олиш имконияти яратилди. Тошкент шаҳар ШИИББ МваФРБ бўлим бошлиғи Санжар Қосимов шу ҳақда маълум қилди.

“Ҳозирги ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлар ҳаммаси фуқаролар учун қилинмоқда. Авваллари идентификация ID-карталарини экстерриториал тамойил асосида исталган ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилган ҳолда олиш мумкин эди. Яъни фуқаро доимий рўйхатда Бухорода бўлгани ҳолда, бир муддатга Тошкент шаҳрига келганида шу ердаги туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига учраб, биометрик паспортини ID-картага алмаштира оларди.

Эндиликда, фуқароларга янада қулайликлар тақдим этиш мақсадида қонунчиликка яна ўзгартириш киритилди. Унга кўра, хорижга чиқиш биомерик паспорти, яъни халқ тилидаги “загран паспорт”ни ҳам исталган ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига учраб, 10 кун ичида олиб кетиш имкони тақдим этилмоқда”, - деди Тошкент ШИИББ МваФРБ бўлим бошлиғи Санжар Қосимов Kun.uz’га берган интервьюсида.  

Top