Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Мирзо Ихтиёровнинг хабар беришича, жорий йил 13 июль куни вилоят телевидениесининг тасвирга олиш гуруҳи болалар учун яратилган шароитларни ўрганиш учун «Баҳора» болалар ёзги дам олиш оромгоҳида бўлган.

Мазкур оромгоҳда болалар учун яратилган шароитлар мутлақо қониқарсиз аҳволдалиги маълум қилинди. Оромгоҳ ҳудуди чиқиндилар билан тўла, улар орасида ҳатто спиртли ичимликлардан бўшаган шишалар ҳам бўлган. Бундан ташқари, оромгоҳ ҳудудида бегона одамларга тегишли автомашиналар борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, оромгоҳдаги ётоқхона, ошхона ва ҳожатхонада аҳвол ачинарли ҳолатда бўлган.
P.S. 11 июль куни вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳини оромгоҳ ҳудудига киритмаган Миллий гвардия ходимлари унинг ичкарисидаги ҳолатдан хабардормиди? Нега чиқиндилар орасида ароқ шишалари, ичкарида бегона одамларнинг машиналари турибди? Улар оромгоҳ ҳудудига қандай кирган?

