09:56 / 27.08.2021
1292
«Янгиариқ» ҳарбий дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди

Хоразм вилояти, Янгиариқ туманида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи тасарруфидаги «Янгиариқ» дала-ўқув майдони янгидан барпо этилди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ҳарбий дала-ўқув майдонининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Қарийб 4 минг гектар ер майдонига эга бўлган ушбу полигон ҳудуди табиий чўл шароити ва рельефини ўзида мужассам этиб жанговар тайёргарлик машғулотларини юқори даражада ўтказиш имконини беради.

Дала-ўқув майдонида  бир вақтнинг ўзида 300 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи билан назарий машғулотларни ўтишга мўлжалланган ва 12 та синфхонасига эга бўлган 2 та ўқув биноси, турли мутахассисликлар  тайёргарлиги бўйича 8та ўқув синфлари ва майдонлари,  350 кишилик 2 та ётоқхона, 250 ўринли ошхона, турли ўқ отар қуроллардан, гуруҳ ва жанговар машиналардан отиш майдонлари, 100 ва 50 метрли тир, спорт майдончалари, марказий қўмондонлик пункти, 6та бошқарув пункти бинолари бунёд этилди.

Саф майдони, «Армия биатлони» шаҳарчаси, 300 метрли разведкачилар йўлаги, 750 метрли психологик йўлак, бандаргоҳ ва ғаввослик йўлаги, муҳандислик, кимёвий қуроллардан ҳимоя, ҳаво ҳужумидан ҳимоя, алоқачилар шаҳарчалари ҳамда турли ўқув нуқталари жанговар тайёргарлик машғулотларини сифат жиҳатдан яхшилашга хизмат қилади.

Полигонда барпо этилган  қўшинлар отиш майдони, танкодром, ҳаво ҳужумидан мудофаа, радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза ҳамда артиллерия бўлинмаларини тайёрлаш шаҳарчалари, миномёт батареяси учун тўсиқлар, жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлаш дала парки, марказий кузатув минораси ҳарбий хизматчиларнинг маҳоратини ошириш ва кўникмаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Қўл гранаталарини улоқтириш, ўқотар қуроллардан отиш тири, гранатомёт позициялари, мерганлар марраси ва бошқалардан иборат алоҳида жанговар мажмуа мутахассислик бўйича тайёргарлик машғулотларини ўтказишга қулай шароит яратади.

Тадбир қатнашчилари жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг махсус-тактик машқларини ҳам кузатишди. Амалий ўқув машғулотларида ҳарбий хизматчилар ўзларининг билим ва кўникмаларини намойиш қилишди.

Top