12:20 / 10.09.2021
5856
Малайзиянинг 12 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ бош вазири ҳукуматга қайтиши мумкин — ОАВ

Малайзиянинг собиқ бош вазири, коррупция учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилган Нажиб Раззоқ амалдаги бош вазир Исмоил Сабри Ёқубнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлиш таклифини олди. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбаларга таяниб The Straits Times нашри хабар берди.

“Нажиб мамлакатимиз иқтисодиётини жадал суръатлар билан тиклашда ўз шижоати, ғоялари билан бўлишмоқчи”, деб ёзган Facebook’да Ёқуб собиқ бош вазир билан учрашувдан кейин. “Биз иқтисодиётимиз учун ташқи ва ички таҳдидларни ҳамда коронавирусга қарши кураш стратегиясини муҳокама қилдик”, деб қўшимча қилган амалдаги бош вазир. Бундан ташқари, учрашувда Раззоққа вазир ваколатлари билан маслаҳатчи лавозими таклиф этилган. Таъкидланишича, томонлар биргаликдаги фаолиятнинг жиҳатларини келишиб олиш учун бир неча кун вақт олишган.

Нажиб Раззоқ ҳукуматга 2009 йилдан 2018 йилгача раҳбарлик қилган. Бироқ у 2018 йилги сайловларда мағлубиятга учрагач, мамлакат тарихидаги энг йирик коррупциявий можаро билан боғлиқ ҳолда тергов остига тушган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъкидлашича, собиқ бош вазир 4,5 млрд долларга яқин давлат маблағини ўзлаштирган.

2020 йил июлда 68 ёшли Раззоқ SRC International жамғармаси билан боғлиқ иқтисодий жиноятлар учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилган ва 210 млн ринггит (50 млн доллар) миқдорида жаримага тортилган. Бироқ унинг адвокатлари ҳукм юзасидан судга шикоят аризаси топшириб, Раззоқнинг озодликда қолиши учун гаров пули киритишган.

Top