10:52 / 17.09.2021
4782
Президент мактаблари имтиҳони натижаларини эълон қилиш кечиктирилди

21-22 август кунлари бўлиб ўтган имтиҳонлар натижаси 20 сентябрда эълон қилинади. Аввалроқ натижалар 16 сентябрда маълум бўлиши айтилган эди.

Фото: KUN.UZ

Президент мактабларига кириш учун имтиҳонлар 21-22 август кунлари бўлиб ўтган ва унинг натижалари 16 сентябрь куни эълон қилиниши маълум қилинган эди.

Мазкур имтиҳонлар Cambridge университети қошидаги бутун дунё бўйлаб ўқувчиларнинг билимларини баҳолайдиган халқаро ташкилот Cambridge Assessment ташкилоти томонидан ўтказилади. 

Президент таълим муассасалари агентлиги Президент мактаблари 2- босқич кириш имтиҳонлари натижаларини эълон қилиш кечиктирилиб, 20 сентябрга қолдирилганини маълум қилди. Агентлик бу хабарни Cambridge Assessment ташкилотининг Тест ишлаб чиқиш ва қабул жараёнларини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Гвен Кодваллга асосланиб берган.

“Cambridge Assessment ташкилоти бугунги кунда 100 дан ошиқ давлатда имтиҳон ўтказаётгани ва вақт жуда тиғизлигига қарамай, график асосида иш юритаётганини маълум қилди”, дейилади агентлик хабарида.

Бундан ташқари, очиқланмаётган сабабларга кўра академик лицейлар учун ўтказилган имтиҳонларнинг якуний жавобларини эълон қилиш ҳам кечикмоқда.

Ҳуқуқшунос-блогер, Олий таълим кенгаши аъзоси Хушнуд Худойбердиев ҳам таълим муассасалари имтиҳонларининг натижалари чўзилиб кетгани учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий изоҳ бериши жоизлигини айтди:

“Шу ўринда масъулларга савол: академик лицейлар учун ўтказилган имтиҳонларнинг якуний жавоби (ким кирди, ким кирмади) қачон чиқади? Кўпчиликдан шундай савол тушмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бунга бирор расмий изоҳ бериб қўйса яхши бўларди”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги ОТМга кириш имтиҳонлари якуний натижалари ҳам сўнгги 4 йилдаги энг узоқ куттирган мандат бўлиб, имтиҳонлардан 18 кун ўтгач эълон қилинди.

Top