13:54 / 12.10.2021
4283
Танқиддан сўнг Шаҳрисабздаги мактаб спортзалининг поли таъмирлаб берилди
Фото: Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги

5 октябрь куни Қашқадарё | Kun.uz Telegram-каналида Шаҳрисабз тумани Ғилон қишлоғидаги 58-мактабда ўқувчилар поли чириб кетган спортзалда шуғулланаётгани ҳақида танқидий хабар берилганди. Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, танқиддан сўнг мазкур мактаб спортзалининг поли таъмирлаб берилган.

«Kun.uz интернет нашрида «Шаҳрисабздаги мактаблардан бирида ўқувчилар поли чириб кетган спортзалда шуғулланяпти» сарлавҳали хабар эълон қилинган. Шундан сўнг, ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ўрганиш олиб бориб, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бир неча кун давом этган таъмирлаш ишларидан сўнг спортзалнинг ҳолати тикланди. Айни пайтда жисмоний тарбия дарси ушбу спортзалда ўтилмоқда», дейилади хабарда.

Қашқадарё | Kun.uz Telegram-каналида берилган танқидий хабардан сўнг, вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳам муносабат билдирган ва Ғилон қишлоғида жойлашган 58-мактабнинг спорт зали 2022 йилда тўлиқ таъмирлаб берилишини маълум қилганди.

«Ғилон қишлоғидаги 58-мактабнинг 12х24 метр ўлчамдаги спорт зали 2007 йил қурилган. Мактаб тоғли ҳудудда жойлашгани, ерости сувлари ер юзасига яқинлиги, намгарчилик юқорилиги натижасида спорт залининг пол қисми жуда тез вақтда яроқсиз ҳолатга келган. 2022 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан мактаб спорт залининг пол қисмини янгидан таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мактаб спорт залини бирламчи таъмирлаш чоралари кўрилмоқда», дейилганди муносабатда.

Top