07:32 / 28.10.2021
12028
Ўзбекистон Россияга мигрантларни ишга ёллаш тартибини соддалаштиришни таклиф қилди

Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Москвада Россия меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Антон Котяков билан учрашди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Мулоқот чоғида Ўзбекистон фуқароларининг Россияда меҳнат фаолиятини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ва жалб этиш соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига меҳнат мигрантларини жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби, меҳнат жараёнларини рақамлаштириш ва қонунчиликдаги инновациялар бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Нозим Ҳусанов россиялик ҳамкасбига Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида касб-ҳунар таълими тизимини қўллаб-қувватлаш ва назорат қилишни назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама битим имзолангани ҳақида маълумот берди.

“2017 йилда имзоланган ташкилий ишга қабул қилиш бўйича ҳукуматлараро келишув пандемия даврида меҳнат бозоридаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда янгиланиш ва тузатишларни талаб қилади. Ишга қабул қилиш тартиб-таомилларини ҳам ходим, ҳам иш берувчи учун имкон қадар содда ва қулай қилиб, ҳар икки томон учун зарур кафолатларни таъминлаш зарур”, — деди Нозим Ҳусанов.

Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кадрларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ташкил этишда етакчи рол ўйнамоқда. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида ишсиз аҳолига хизмат кўрсатиш, касб-ҳунар ва тил ўргатиш, тадбиркорликка ўргатиш, меҳнат миграцияси масалалари бўйича маслаҳатлар беришнинг ўзига хос тизими ҳам яратилган.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Музокаралар натижасида томонлар 2017 йилги ташкилий ишга қабул қилиш тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритиш, меҳнат муносабатларини рақамлаштириш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, корхоналарда шикастланишлар даражасини пасайтириш соҳасида меҳнат органлари ходимларини қўшма ўқув дастурлари ҳамда амалиёт ўташ жараёнини режалаштириш, шунингдек, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича келишувларга эришди.

Top