Қонун лойиҳаси Фуқаролик кодексига қўшимчалар киритишни назарда тутади. У билан кодекснинг терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарликни белгиловчи 991-моддасига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар учун жавобгарлик киритилмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисмига, яъни маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозим бўлган ҳолатларга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жинояти натижасида етказилган зарарни ҳам киритиш таклиф этилмоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қийноққа солиш оқибатида зарар кўрган жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини янада ҳимоя қилиш ва тиклашга, уларга етказилган моддий, маънавий ва бошқа зарарларнинг қопланишига сабаб бўлади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан берилган таклифлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинди.