2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилган.
Бунда, қуйидагилар кўзда тутилади:
- ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича давлат органини белгилаш;
- ижтимоий суғурта тизимини яратиш, жумладан ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш;
- кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизматларни ижтимоий шартнома асосида тақдим этиш;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, жумладан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестр” билан бирлаштириш.
Кам таъминланган оилаларнинг 3 ёшгача бўлган болалари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармонлар бериш дастури қабул қилинади.
Эшитиш қобилияти заиф болаларнинг одатий ҳаётга мослашувини осонлаштириш мақсадида ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларни замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш тизими жорий этилади.



