Бишкекда Украина ёки Россияни қўллаб-қувватлаб митинглар ўтказиш тақиқланди. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, Первомайск, Ленинск, Свердловск ва Октябрск район судлари районлар мэрияларининг Россия-Украина қуролли низоси масаласида барча турдаги йиғилишлар, митинглар ва акциялар ўтказишни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги қарорини қонуний деб топган. 

Қарорга кўра, 1 апрелдан 1 июлга қадар бундай тадбирлар ўтказиш тақиқланади.  

Бишкек шаҳар ИИБ барча фуқаролар ва пойтахт меҳмонларини суд органлари қарорларини бузмасликка чақирган.  

Шу билан бирга, хабар қилинишича, 2 апрел куни Бишкекдаги Максим Горкий номидаги хиёбонда Украинани қўллаб-қувватлашга бағишланган акция ўтказилиши режалаштирилган.