Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан очиқликка доир президент фармони талаблари ижроси, хусусан, 2022 йил 1-чораги якунларига кўра, маҳаллий бюджет даромадлар режасининг режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотларнинг очиқланиши ҳолати ўрганилди.

Агентлик матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ўрганиш натижаларига кўра Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида юқорида қайд этилган ушбу маълумотлар ўз вақтида эълон қилиб борилаётгани, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Наманган, Хоразм вилояти ҳокимликлари томонидан эса қисман очиқлангани аниқланди.

Маълум қилинишича, Андижон вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтида бундай маълумотлар сўнгги бор 2021 йилнинг 1-чораги ҳолатига кўра жойлаштирилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эса фармонда кўрсатилган ушбу маълумотлар умуман очиқланмаган.

«Агентлик томонидан мониторинг натижасида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга қатъий риоя этилишини назоратга олиш бўйича 8 та маҳаллий ҳокимликка огоҳлантириш юборилди.

Бундан ташқари, президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли маълумот киритилди», – дейилади маълумотда.