Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонасида Шаржа амирлигида жойлашган Маданий дипломатия халқаро институти кузатув кенгаши раиси доктор Юсуф Эса Хассан Алсабри билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.
Мулоқот чоғида таълим, маданият ва ижтимоий йўналиш бошқа соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида БАА томони институт имкониятларига тўхталиб, Ўзбекистон билан маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди.
Юсуф Алсабри Шаржа амирлигининг амирликлар ичида илм-фанга, диний бағрикенгликни таъминлашга ҳамда ислом тарихини ўрганишга мойиллигини, кўплаб музейлар ва илмий марказлар мавжудлигини инобатга олиб, амирлик ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.
Ўз навбатида, Бухоро ва Шаржа шаҳарлари ҳамда БАА Ал-Айн шаҳри ва Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш режалаштирилгани ҳам билдирилди.
Учрашув якунида мазкур таклиф устида бирга иш олиб боришга, Шаржа ва Ал Айн шаҳарлари ҳокимлиги билан учрашувлар ташкил этиб, тегишли делегация Ўзбекистонга сафарини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.











