13:35 / 09.09.2022
6351
Самарқанддаги корхона Дарғом каналига 1 тонна нефтни оқизиб юборди. Зарар 1,2 миллиард сўмга баҳоланмоқда

Экология ходимлари томонидан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳисоб-китоб қилинганида 1 миллиард 204 миллион сўмни ташкил этган.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Дарғом каналининг Самарқанд тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида нефт маҳсулотлари оқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Дарғом каналидаги ҳолат шу куннинг ўзида Давлат экология қўмитаси ва Самарқанд вилояти Экология бошқармаси томонидан ўрганилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати 

 Унда аниқланишича, Самарқанд туманининг “Андижони” МФЙда жойлашган “NURSHOD UNIVERSAL SAVDO” МЧЖга қарашли суюлтирилган газ сақлаш омборидаги нефт маҳсулотлари (печ ёқилғиси) сақлаш сиғимидан оқиб кетган. Оқибатда, 1 тонна нефт маҳсулотлари жой рельефига тўпланган ва полиэтилен труба ёрдамида Дарғом каналига оқизилган.

Экология ходимлари томонидан ўлчаб кўрилганда корхона ҳудудига тўкилган нефт маҳсулотлари билан ифлослантирилган ер майдони 86,4 метр куб экани аниқланган.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати 

Давлат экология қўмитаси ва Самарқанд вилояти Экология бошқармаси томонидан ташкил этилган Ишчи гуруҳ томонидан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарорига асосан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳисоб-китоб қилинганида 1 миллиард 204 миллион сўмни ташкил этган.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати 

Ўрганишлар давомида ҳозирги кунда корхонанинг хавфлилик даражаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сонли қарорига асосан 1-тоифага мансуб экани ва корхона экологик норматив ҳужжатларсиз фаолият олиб борганлиги аниқланган.

Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси 4-қисми билан маъмурий жарима қўлланган.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати 

Шунингдек, корхона фаолиятини тўхтатиш ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун ҳисобланган компенсация тўловини ундириш юзасидан иқтисодий судга киритиш учун даъво аризаси тайёрланмоқда.

Top