Қайд этилишича, миллий кадрлар захираси давлат фуқаролик хизмати раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва сифатини яхшилаш, давлат фуқаролик хизматчиси касбий компетенциясини ошириш ҳамда хизматда лавозим бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилади.

Миллий кадрлар захирасига иш фаолиятида юқори натижаларга эришган, барча соҳаларда самарали фаолият кўрсатиб келаётган юқори салоҳият, етакчилик хусусияти ва бошқарув кўникмаларига эга бўлган ташаббускор давлат хизматчилари киритилади.

Ҳозирги кунда ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган 1 000 нафар шахсни миллий кадрлар захирасига киритиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда, нафақат номзод юқори натижага эришгани, балки ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги, фуқаролар дардини эшитиши, муаммоларни тизимли равишда бартараф этишга қаратилган чоралар кўраётгани инобатга олинади.

Бугунгача давлат ва нодавлат секторларида фаолият юритаётган 611 нафар номзод рўйхати шакллантирилиб, улар компетенциялари ёш раҳбар кадрлар захирасига киритиш учун тест синовлари ва суҳбат орқали баҳоланмоқда. Бундан ташқари, раҳбарлик лавозимлари учун жами 970 нафар номзод миллий кадрлар захирасига киритилган. 

Муносиб деб топилган номзодларни раҳбарлик лавозимига тайёрлаш мақсадида агентлик томонидан Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида махсус тайёрлаш дастури ишлаб чиқилди.