08:12 / 28.09.2022
2243
«Эл-юрт умиди» танловида номзодларга қўйилган талаблар маълум қилинди

"Эл-юрт умиди" жамғармаси ижрочи директори Адҳам Бекмуродов, ижрочи директор ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов, жамғарма ахборот хизмати раҳбари Маъруф Жумаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Фото: АОКА

Қайд этилишича, 2018 йилда 378 нафар, 2019 йилда 600 нафар, 2020 йилда 15 нафар (пандемия даври), 2021 йилда 266 нафар ҳамда 2022 йил давомида 480 нафар (20 сентябрь ҳолатига 206 нафар танлаб олинди), жами 1465 нафар ёшлар ҳамда мутахассисларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати сифатида хориждаги ривожланган давлатлар таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилди.

Стипендия танловларида номзодларга қўйилган асосий талаблар:

  • Ўзбекистон фуқароси бўлиши;
  • ёш чегараси: бакалавриат босқичи учун 25 ёшгача, магистратура босқичи учун 20 ёшдан 45 ёшгача, докторантура босқичи учун 22 ёшдан 45 ёшгача;
  • камида 2 йил меҳнат тажрибасига эга бўлиши, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа тармоқлари танлов йўналиши бундан мустасно;
  • учинчи шахслар тўлиқ молиявий мажбурияти тўғрисида расмий розилиги (кафолат хати);
  • хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хати (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе).

Номзод хорижий университетга ўқишга қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хати қуйидаги рейтинг агентликлари топ 300 рўйхатидан ўрин олган бўлиши зарур:

  • TНE (Thе Timеs Нighеr Educаtiоn Wоrld Univеrsity Rаnkings); 
  • QS (Quаcquаrеlli Symоnds Wоrld Univеrsity Rаnkings); 
  • ARWU (Acаdеmic Rаnking оf Wоrld Univеrsitiеs);
  • Thе U.S.Nеws аnd Wоrld Rеpоrt (Bеst Glоbаl Univеrsity Rаnkings).

Очиқ стипендия танловини ўтказиш уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда қабул қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга мослиги юзасидан саралаш ўтказилади. Иккинчи босқичда номзод дунёқараши, билимини аниқлашга қаратилган тест синовлари ўтказилади. Учинчи босқичда аввалги босқичлардан муваффақиятли ўтган номзодлар билан суҳбат ўтказилади.

Жамғарма томонидан стипендиат қуйидаги харажатлари қоплаб берилади:

  • хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ёки докторантурада ўқиш (контракт) тўлови;
  • хориждаги таълим олиш жойигача бўлган транспорт харажатлари (иккала томонга, кўпи билан йилига бир марта);
  • хорижда таълим олиш даврида яшаш, овқатланиш ва ички транспорт харажатлари;
  • визa oлиш ва хорижда таълим олиш даврида стипендиатни тиббий суғурталаш;
  • зaрур aдaбиётлaр ва дарсликларни харид қилиш, хорижий университет талабига биноан илмий мaқoлaлар чоп эттириш;
  • стипендиат хорижда таълим олиши билан боғлиқ бошқа харажатлари.
Top