“Маданий бойликлар ноқонуний айланмасига қарши курашиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Республика музейларида 2,5 млндан ортиқ моддий маданий мерос объекти ҳисобланган ашёлар ва коллекциялар сақланиб, улар атиги 5 фоизигина экспозицияларга қўйилган.

Таҳлилларга кўра, сўнгги 30 йил ичида 14 та давлат музейидан 5 мингдан ортиқ маданий қимматга эга бўлган бойликлар йўқотилган.

Сўнгги бир йил давомида музейларда музей ашёлари ва коллекциялари қалбакилаштирилиши, ўғирланиши ва бошқа тарзда талон-торож қилиниши билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланган.

Шу билан бирга, алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки маданий қимматга эга бўлган ашёлар ва ҳужжатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноят қонунчилигида алоҳида норма мавжуд эмаслиги, бундай турдаги жиноятларни таҳлил қилиш, ҳисобини юритиш ва уларга қарши таъсирчан чоралар кўришни истисно этмоқда.

Шу муносабат билан, бу соҳада ҳуқуқбузарликлар олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида алоҳида қимматга эга бўлган ашёларни талон-торож қилганлик учун алоҳида жавобгарлик чорасини белгилаш ва уларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.