17:25 / 13.03.2023
10551

Оҳангаронда 420 гектар ерни 700 минг долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тошкент, Жиззах ва Андижон вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда ДХХ хабар бермоқда.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ раҳбари ҳамда унинг отаси, шунингдек, Қибрай туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси ўзаро келишган ҳолда, Оҳангарон туманида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли 270 гектар ва унга туташ бўлган туман ҳокимлиги захирасидаги 150 гектар, жами 420 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 700 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур 3 нафар фуқаро сўралган пулдан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтларида ушланди.

Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган МЧЖ раҳбари мазкур туманда жойлашган бошқа 2 та МЧЖга қарашли 50 гектар ер майдонининг гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, харидорга 60 минг АҚШ долларига сотишни режалаштиради.  

Шунингдек, ушбу 50 гектар ердан 30 сотихини вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси ёрдамида нотурар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига қўшимча 4 минг АҚШ доллари сўрайди. 

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси харидордан 64 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Андижон вилоятида қайд этилган ҳолатда Олтинкўл туманида яшовчи фуқаро туман ҳокимлиги захирасида бўлган 144 квадрат метр бўш ер майдонини алдов йўли билан гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top