Сенат ялпи мажлисида “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, мамлакатда жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш ҳамда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан манфаатдорлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурияти юзага келмоқда.

Муҳокама қилинган қонун билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиб-таомили жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, патент эгаси ўзининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахсдан зарарларнинг қопланиши ўрнига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиши мумкин. Бунда товон зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусиятидан ва патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахснинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатлари ҳисобга олинган ҳолда тўланади. Товон миқдори тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан белгиланади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.