Тошкент шаҳрида 22-24 декабр кунлари Ўзбекистон–Миср ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги 7-йиғилиши бўлиб ўтади.

Қайд этилишича, 15 йилда биринчи марта ўтказилаётган қўшма комиссия йиғилиши Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Миср Режалаштириш, иқтисодий ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик вазири Раниа Машат раҳбарлигида ўтказилади.

Тадбир доирасида икки давлат йирик тадбиркорлари иштирокида Ўзбекистон–Миср бизнес-форумини ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Мазкур тадбирларда иштирок этиш учун мамлакатга 30 дан ортиқ Мисрнинг йирик компаниялари, жумладан, El-Sewedy Electric, Hassan Allam Holding, ACDIMA, Nile Sugar, In2Metals раҳбарлари ташриф буюради.

Қўшма комиссия йиғилиши якунига кўра, икки давлат вазирлик ва идоралари ўртасида халқаро шартномалар, компаниялар ўртасида инвестицион ва экспорт битимлари имзоланиши кутилмоқда.

Маълумот учун, сўнгги бор Ўзбекистон–Миср ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг йиғилиши 2009 йил 4-5 май кунлари Қоҳирада ўтказилган.