Самарқанд шаҳар ЙҲХБга мурожаат қилиб келаётган ҳайдовчиларга “акт ҳали келмаган” ёки “база ишламаяпти” деган важлар билан машиналарини қайтариб олишга рухсат берилмаётгани айтилмоқда.

5 август куни ҳолатига кўра, жарималар электрон базада кўриниб турган бўлса ҳам, акт расмийлаштирилмагани боис автомобиллар ҳали ҳам жарима майдончасида турибди. Бу вақт ичида машиналар учун ҳар кунлик тўлов (стоянка учун) юзага келмоқда.

“Биз қоидабузарлик қилган бўлсак, жавобгарликни тан оламиз. Жарималарни ҳам тўлашга тайёрмиз. Лекин фақат бир қоғоз – акт йўқлиги учун 5 кундан бери кутиб турибмиз. Ҳар бир куни пулга айланяпти”, – дейди ҳайдовчилардан бири.

Мурожаатчиларга кўра, шу рейдда “стоянка” қилинган баъзи ҳайдовчилар таниш-билиш орқали машиналарини олиб кетишган.