Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Мусиқа маданияти фани ва жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг билим даражасини ва касбий маҳоратини аниқлаш ҳамда уларга сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра,
2025-2026-ўқув йилидан бошлаб:
умумтаълим мактабларининг мусиқа маданияти ҳамда жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш ҳамда уларга сертификат бериш тартиби амалиётга жорий этилади;
А+, А, B+, B, С+, С даражали мазкур сертификатлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан берилади ҳамда 3 йил муддатга амал қилади.
70 ва ундан юқори балл олган талабгорга – А+ даражали;
65 – 69,9 балл олган талабгорга – А даражали;
60 – 64,9 балл олган талабгорга – B+ даражали;
55 – 59,9 балл олган талабгорга – B даражали;
50 – 54,9 балл олган талабгорга – С+ даражали;
46 – 49,9 балл олган талабгорга – С даражали сертификат берилади.
Амалиётга жорий этилаётган тартибга кўра, B+ ва ундан юқори даражали сертификат олган ўқитувчиларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ойлик маошига устама берилади.
Низомга асосан:
билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш учун тузиладиган тест саволлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирликлар томонидан тавсия этилган фан мутахассислари иштирокида Агентлик томонидан ишлаб чиқилади;
сертификат олишга талабгорлар тест синовида қатнашиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда ариза бериб рўйхатдан ўтишлари лозим;
тест синовини ўтказиш санаси у ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эълон қилинади.



