Президент бу йўналишда глобал депозитарийларни миллий фонд бозорига олиб кириш муҳимлигини ҳам қайд этди. Шунингдек, халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Капитал бозори тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини тез фурсатда қабул қилиш лозимлиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, келгуси йилдан корхоналар илк бор халқаро бозорларда ҳам акцияларини жойлаштириши мумкин бўлади. Умуман, капитал бозорини ривожлантириш орқали тадбиркорларга қўшимча 1 миллиард доллар жалб қилиш имконияти яратилиши қайд этилди.

Шу билан бирга, президент “соя” иқтисодиёти улушини қисқартириш борасидаги ишларга тўхталди. Қайд этилишича, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 45–50 фоиздан 28 фоизга туширишга эришилган. Бироқ бу ҳали дастлабки қадам экани таъкидланди.

Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш учун 2026 йилда барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, шунингдек ёқилғи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, автомобиль ҳамда кўчмас мулк савдолари нақдсиз тўлов шаклига ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, солиқ, божхона, санепидемназорат, стандарт, карантин, қурилиш назорати инспекцияси, ёнғин хавфсизлиги каби 17 турдаги текширувларда ёнкамерадан фойдаланиш мажбурий бўлиши айтилди.

“Соя”дан ихтиёрий равишда шаффоф фаолиятга чиқмоқчи бўлган тадбиркорлар бухгалтерия, статистика ва солиқ ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитилиши маълум қилинди.

Президент айрим фуқароларда топган даромадини иқтисодиётга йўналтириш, банк депозитларига жойлаштириш ва активларини ўз номига расмийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар борлигини ҳам қайд этиб, депутатлар ҳамда Марказий банк халқаро ташкилотлар билан маслаҳатлашган ҳолда фуқароларнинг мамлакат ичида ёки чет элда олган даромад ва активларидан эмин-эркин фойдаланиши учун шароит яратиш бўйича таклифлар тайёрлашини сўради.