Англиянинг жануби ва Мидлендда эфирга узатиладиган Radio Caroline радиостанцияси 19 май куни ўз эфирида Буюк Британия қироли Чарлз III вафот этганини эълон қилди.

Тингловчиларнинг сўзларига кўра, жорий кўрсатув тўсатдан тўхтатилган, бошловчилар қирол Чарлз III вафоти муносабати билан кўрсатув тўхтатилганини маълум қилган ва кейин «Худойим, асрагин қиролни» давлат мадҳияси ижро этилган. Шундан сўнг, радио 15 дақиқага тинчиб қолган. Кейин эфирга қайтган бошловчилар хато учун узр сўради.

Кейинроқ радиостанция компьютер хатоси туфайли Британиянинг барча телерадиокомпанияларида ишлатиладиган «Монархнинг ўлими» протоколи ишга туширилганини маълум қилиб, алоҳида узр сўради. Эълондан сўнг радио протокол талаб қилганидек жимиб қолди ва бу хатони вақтида аниқлаш имконини берди.

«Radio Caroline қироличанинг, энди эса қиролнинг Рождество мурожаатларини мамнуният билан эфирга узатган ва буни яна кўп йиллар давом эттиришга умид қилмоқда», деди станция менежери Питер Мур.