Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха 22 июл куни X ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида мамлакат Қора денгиздаги фуқаролик кемаларига Россия томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар муносабати билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғинини чақириш бўйича расмий мурожаат йўллаганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Россия Қора денгиздаги савдо йўлакларини нишонга олиш орқали «иқтисодий ва ҳуманитар террор» олиб бормоқда ҳамда жаҳон озиқ-овқат бозори барқарорлигига хавф туғдирмоқда.

Сибихага кўра, агар бундай ҳужумлар давом этса, Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасида миллионлаб оилалар озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши ва очарчилик хавфига дуч келиши мумкин.

Германия ва Эстония билан музокаралар

Украина ташқи ишлар вазири 22 июл куни Германия ташқи ишлар вазири Йохан Вадефул билан телефон орқали мулоқот қилганини ҳам маълум қилди.

Томонлар Қора денгизда тез ўзгараётган хавфсизлик вазиятини муҳокама қилиб, денгизда эркин навигацияни тиклаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг қатъий жавобини таъминлаш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олган.

Музокараларда Украина ҳаво мудофааси имкониятларини кучайтириш, мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мамлакатни тиклаш ва Европа хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Шу куни Сибиха Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна билан ҳам телефон орқали суҳбат ўтказиб, шу каби масалаларни муҳокама қилди.

Киев: Денгиз коридори ишлашда давом этмоқда

Украина томонининг маълум қилишича, сўнгги кунларда Россия камида учта фуқаролик юк кемасига ҳужум қилган.

Шу билан бирга, Украина Тикланиш, инфратузилма ва транспорт вазирлиги «Черноморск» денгиз порти ҳамда Катта Одесса портлари одатдагидек фаолият юритаётганини билдирди.

Вазирликка кўра, Украина денгиз коридори экспорт юкларини ташиш ва халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларни бажаришда давом этмоқда.

Маълумотда қайд этилишича, «Черноморск» Украинадаги энг йирик денгиз портларидан бири бўлиб, мамлакат денгиз экспорт-импорт операцияларининг муҳим қисмини таъминлайди.

Бироқ Андрей Сибиханинг маълум қилишича, 22 июл куни Украина денгиз коридори орқали бирорта ҳам кема ҳаракатланмаган.

Томонларнинг ўзаро айбловлари

Россия Украина Қора денгиз орқали фуқаролик юклари ниқоби остида мудофаа учун мўлжалланган қурол-яроғ ташаётганини иддао қилмоқда.

Ўз навбатида, Украина Қуролли кучларининг Учувчисиз тизимлар кучлари 6–22 июл кунлари Азов денгизида Россиянинг «соя флоти»га тегишли 126 та кемага, Қора денгизда эса яна 70 та кемага зарба берилганини маълум қилди.