Брифингда болалар омбудсманининг жорий йил дастлабки олти ойидаги фаолияти натижалари тақдим этилди. Қайд этилишича, бу даврда вакил номига жами 1147 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 8 та жиноят иши ва 15 та маъмурий иш қўзғатилган. Шунингдек, жиноят ишини қўзғатишни асоссиз равишда рад этиш ҳақидаги 6 та қарор прокурор томонидан бекор қилиниб, қайта ўрганишга юборилган.
Болалар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларга 56 марта мониторинг ташрифи амалга оширилган. Уларда сақланаётган 1289 нафардан ортиқ бола билан якка тартибда ва жамоавий учрашув ҳамда суҳбатлар ўтказилган.
Бола ҳуқуқлари бузилиши юзасидан жами 18 та таъсир чораси қўлланган. Хусусан, 4 та огоҳлантириш, 7 та тақдимнома, 5 та хулоса ҳамда суд ҳужжатлари устидан протест келтириш тўғрисида 2 та илтимоснома киритилган.
Бундан ташқари, бола ҳуқуқларига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича 43 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига таклифлар берилган.
Болалар омбудсмани ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонундан хабардорлик даражасини ўрганиш мақсадида 9500 нафардан ортиқ бола ўртасида ижтимоий сўров ҳам ўтказган.
