15:27 / 25.09.2019
3
43839
Президент ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш ҳақидаги фармонини имзолади
Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи миқдори 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. 

Kun.uz манбаси хабар қилишича, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон солиқ сиёсатини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида ҚҚС ставкасини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш тўғрисидаги фармонини имзолаган.

Янги солиқ ставкаси 1 октябрь кунидан амал қилиши кутилмоқда.

Ҳукуматга 2020 йилги давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда қўшилган қиймат солиғини ҳисоб-китоб қилиш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилиш, шунингдек, дивиденд шаклида тўланадиган даромад солиғи ставкаларинини сақлаб қолган ҳолда юридик шахсларга солинадиган фойда солиғининг базавий ставкасини 15 фоиз миқдорида белгилашни (бунгача 12 фоиз эди) назарда тутиш топширилган.

Бундан ташқари, 2020 йилдан бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда.

1 октябрдан бошлаб Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиб келинган ягона солиқ тўлови Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ўтказила бошланади. 

Эслатиб ўтамиз, президент 11 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Молия вазирлигига қўшилган қиймат солиғини ставкасини пасайтириш бўйича топшириқ берганди.

Маълумот учун, 20 фоизлик солиқ ставкаси 2000 йилда ўрнатилган ва сўнгги 19 йил ичида қайта кўриб чиқилмаганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top