Президент фармони билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар тасдиқланган.
Хусусан, аҳоли учун зарур бирламчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда айрим турдаги тиббий-гигиеник восита товарларни жорий йил 31 декабрга қадар импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланди.
Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун олиб кириладиган хомашё, материаллар, аксессуарлар ва бутловчи қисмларнинг нархини пасайтиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ташқи иқтисодий фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши назарда тутилмоқда.













