Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ибодатдаги президент, сўконғич ҳоким ва яна авто-маҳаллийлаштириш — ҳафта дайжести
Араблар Ўзбекистонда дунёдаги энг катта ШЭСлардан бирини қуради: АЭС мавзуси ёпилдими? Сурхондарё ҳокими ва прокурор воқеаси: Тўра Боболовнинг курсиси қимирлаяптими? UzAuto электромобил йиға бошлаши аниқ бўлди: бу нега хавотирли? Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг асосий хабарларидан дайжест тақдим этишда давом этади. Биз ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисаларни имкон қадар қисқача санаб ўтамиз.
Шавкат Мирзиёев – Умрада
Ҳафтанинг энг ёрқин воқеаси, шубҳасиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига сафари бўлди. Ўзбекистон президентининг бу мамлакатга давлат ташрифи охирги марта бундан 30 йил олдин, 1992 йилда рўй берган эди. Шундан кейин орадаги маълум даврда муносабатлар етарлича совуқлашганди ҳам.
Шавкат Мирзиёев сафарини Мадина шаҳридан, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қабрларини зиёрат қилишдан бошлади. Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиб, дуо қилган президент пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаган ва дафн этилган Ҳужрайи саодатга кириб, пайғамбаримизга саловат ва саломлар айтди.
Сафар сўнгида эса Шавкат Мирзиёев Маккага бориб, умра амалларини бажарди. Давлат раҳбари аввалига муқаддас Каъба ичига кириб, тўрт томонга қараб намоз ўқиди, сўнг Каъбани 7 марта айланиб тавоф қилди. Видеолардан бу жараёнда президент қаттиқ таъсирланганини кўриш мумкин. Шундан кейин Сафо тепалигидан Марва тепалиги томон 7 марта бориб келган зиёратчилар, Марва тепалигида 2 ракат намоз ўқиш билан Умра амалларини якунлади.
Давлат ташрифи доирасидаги расмий тадбирлар Жидда шаҳрида бўлиб ўтди. Кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида яшил энергетикага оид келишувлар алоҳида аҳамиятга эга. Саудия Ўзбекистон энергетика комплексига 5 йил ичида 10 млрд доллар сармоя киритишига келишилди. Масалан, Қорақалпоғистонда дунёдаги энг йирик шамол электр станцияларидан бири қурилади. Режага кўра, 1,5 гигаваттлик лойиҳа ишга тушгач, 1 млн 650 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлай олади.
Эслатиб ўтамиз, бу – Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига президент сифатидаги илк сафари эмас. У 2017 йилда Ар-Риёддаги халқаро саммитда қатнашган эди. Умуман, Мирзиёев президент сифатида жами 18 та давлатга борган.
Боболов терговга аралашганми?
Ҳафта антиқаҳрамони – Тўра Боболов. Интернетда Сурхондарё ҳокими Ангор тумани прокурорини сўккан аудио тарқалди. Воқеа бир неча ой олдин бўлган. Вилоят ҳокимлиги ҳолат “бошқача талқин қилиняпти” деган бўлса ҳам, амалда аудио ҳақиқийлигини тан олди.
Расмий изоҳга кўра, Тўра Боболов прокурорнинг сектор раҳбари сифатидаги фаолиятидан норози бўлган. Kun.uz манбаларига кўра эса, гап бошқа ерда.
Манбаларимизга кўра, Ангор тумани бандлик марказининг собиқ директори Азиз Йўлдошев 30 дан ортиқ камбағалнинг номига сохта ҳужжатлар билан субсидия ажратиб, жиноий шериклари билан давлатнинг 210 млн сўмини “еб юборган”. Туман прокурори Сирожиддин Рамазонов ҳолатни текшира бошлагач, вилоят ҳокими ўртага тушиб, терговга аралашгани айтиляпти. Боболов ҳам айнан Ангор туманида туғилиб ўсгани шубҳаларни дастаклаяпти.
Азиз Йўлдошев ва икки шериги устидан май ойида суд ҳукми ўқилган. Судланувчилар зарарни қоплагани учун жазо енгилроқ бўлган. Йўлдошев 2 йил-у 3 ой давомида ойлигининг 15 фоизини давлат ҳисобига ўтказиб турадиган бўлган. Бундан ташқари, ҳукмнинг бундан жиддийроқ қисми бор: коррупционер бир ярим йил давомида мансабдор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Лекин кўп ўтмай унга бу ҳуқуқни қайтариб берадиган одам топилган ва у ҳозир Ангор тумани ҳокимлигининг маҳаллабай ишлаш маркази директори бўлиб ишлаяпти.
Қисқа қилиб айтганда, учта воқеанинг кетма-кетлиги бундай: вилоят ҳокими туғилиб ўсган тумандаги амалдор коррупцион жиноятга қўл урган, вилоят ҳокими бу жиноятни очган прокурорни сўккан, кўп ўтмай кимдир суд ҳукмини оёқости қилиб ҳалиги судланувчига яна мансаб берган.
Бу учта воқеа ўртасида боғлиқлик бор-йўқлиги расман аниқ эмас. Бош прокуратура ҳақоратли аудио бўйича суриштирув ўтказяпти.
Ўзбекистонда электромобилларга ҳам узун навбатлар юзага келмаслигига кафолат борми?
UzAuto Motors 2022 йил охиридан бошлаб Spark вa Nexia автомобиллари ишлаб чиқаришни тўхтатади. Компаниянинг расмий баёнотига кўра, нисбатан арзонроқ бу икки модел ўрнини улардан сезиларли қиммат Tracker-2023 ва Onix эгаллайди. Анча аввал ваъда қилинган Onix'ни ишлаб чиқаришни бошлаш яна кечиктирилиб, кейинги йил бошига сурилди.
Бир неча ҳафта давомида шартнома бериш тўхтаб қолган Spark ва Nexia сотуви қайтадан бошланди. Расмий хабарга кўра, бу икки моделнинг экспорт учун мўлжаллаб чиқарилган комплектацияларининг бир қисми маҳаллий бозорга чиқарилган.
Умуман, компаниянинг энг харидоргир моделлари навбатлар яна узайиб, салкам бир йилга бориб қолди. Расмий статистикага кўра, июл ойида автомобил ишлаб чиқариш 3 бараварга қисқарган, Spark автомобилларидан атиги 5 дона ясалган. Ой давомида 28 та Tracker автомобили йиғилган. UzAuto Motors яқин ҳафталарда Tracker-2023 сотувини бошлаши кутиляпти. Нархлар эса худди шу моделнинг Хитойдаги нархидан сезиларли қиммат бўлади деган тахминлар бор. Асакадан чиқадиган Tracker'да қўшимча қулайликлар бўлиши, нархдаги фарқлар шу билан изоҳланиши мумкин.
Дарвоқе, жума куни “Ўзавтосаноат” Хитойнинг электромобил ишлаб чиқарувчи BYD компанияси билан келишувга эришгани, Ўзбекистонда электромобил ишлаб чиқарилиши аниқ бўлганини эълон қилди. Бизда ҳозирча иккита савол бор: Ўзбекистонда чиқадиган электромобил худди Tracker'га ўхшаб Хитойдагига қараганда қимматроқ бўлмайдими? Ва энг муҳими: ҳозир Ўзбекистонда электромобил олиб кириш учун бож ҳам, акциз солиғи ҳам йўқ, бунақа тартиб электромобил заводи очилганидан кейин ҳам сақланиб қоладими?
Қизлар учун бепул магистратура: Ариза ёзишга 10 кун муҳлат
Ўзбекистонда аёллар ва қизлар учун давлат олийгоҳларининг магистратурасида ўқиш бепул бўлганидан хабарингиз бўлса керак. Аниқроғи, бепул эмас, бўлажак магистр аёлларни ўқитиш харажатлари давлат бюджетига ўтказилди. Шу ҳафта буни амалга ошириш тартиби эълон қилинди.
Унга кўра, магистратурада ўқиётган хотин-қизлар ҳар йили 15 сентябргача контрактини давлат бюджетидан қоплаб беришни сўраб, ректорга ариза ёзиши керак. 15 сентябрдан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди ва кечикканларнинг контракт суммаси қоплаб берилмайди. Бу йил дарслар 5 сентябрдан бошланаётгани инобатга олинса, уларнинг ихтиёрида 10 кун вақт бўлади.
Мухбиримизнинг вазирлик билан боғланиб аниқлик киритишича, супер-контракт асосида ўқишга кирган қизларнинг тўлов-контракти қоплаб берилмайди. Улар 2-курсда давлат бюджети ҳисобидан ўқишни сўраб ариза бериши мумкин.
Икки фожиада 14 қурбон
Бу ҳафта ҳам даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаларисиз ўтмади. 15 август куни тунда Қашқадарёнинг Муборак туманида Spark ва Gentra тўқнашиб, иккала машина ҳам ёниб кетиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди.
Ундан-да даҳшатлиси, Gentrа'да кетаётган 6 киши бир оила аъзолари бўлган ва улардан ҳеч бири омон қолмаган. Оила бошлиғи ҳарбий хизматчи бўлиб, у машинада аёли ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан кетаётган бўлган.
Spark'даги қурбонлар эса икки нафар – ҳайдовчи ва бир йўловчи аёл. Аёл абитуриент қизини имтиҳонга олиб бориб, ортга қайтаётган бўлган. Қиз ҳалокат пайтида автомобилдан ташқарига отилиб чиқиб кетган ва омон қолган. 17 август ҳолатига унинг аҳволи оғир эканини хабар қилинганди.
Воқеа жойига борган мухбиримиз йўлнинг “авария” рўй берган қисми ҳодисадан бир кун ўтиб зудлик билан таъмирлаб қўйилганига гувоҳ бўлди. Бу ердан юрувчи одамларнинг айтишича, йўлдаги асфалт қопламасининг баланд “гармошкалари” сабаб ҳайдовчилар баъзан қарама-қарши йўналишга чиқиб кетишга мажбур бўлади.
Йўлларда кўплаб инсонлар ўлими билан боғлиқ яна бир ҳодиса Сирдарё вилоятида рўй берди. Оқолтин туманида “Исузу” автобуси метан газ тўлдириб чиққан вақтда унга ўрнатилган газ баллонларидан бири портлаб кетди. Ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этди, 15 киши яраланди.
Автобус Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли бўлган. Шундан бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас. Тошкентдан вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат гуруҳ воқеа жойига борди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Қаршилик эркак нега ўзига ўт қўйди?
Қарши шаҳридаги терини қайта ишлаш корхонаси чиқараётган ҳиддан зада бўлган эркак ўз устига бензин қуйиб, ёқиб юборди. Унинг мухбиримиз билан суҳбатда айтишича, цехдан чиқадиган ҳид болаларини касал қилмоқда, топган пули дорига кетяпти, цех устидан шикоят қилиб кўп жойларга борган, лекин натижа бўлмаган. Кўп марта арз қилавергач, корхона раҳбари билан муносабатлари ёмонлашган ва охир-оқибат исён сифатида ўзига ўт қўйган. Эркакнинг танаси 45-50 фоизга куйган.
Аёлининг айтишича, оиладаги болаларда аллергик касаллик бор, корхонадан чиқаётган қўланса ҳид уларга ёмон таъсир қиляпти. Бадбўй ҳид сабаб оиланинг уйига меҳмон ҳам келмай қўйган.
Kun.uz Шайхали маҳалласидаги бу муаммо ҳақида бир йил олдин Экология қўмитасига асосланиб хабар берган эди. Ўшанда экологлар корхона фаолияти тўхтатилиб, етказилган зарар учун 346 млн сўм компенсация ундирилганини айтишган эди. Маълум бўляптики, бир йил ичида вазият ижобий томонга деярли ўзгармаган.
Ислом бирдамлиги ўйинлари: Ўзбекистон – вице-чемпион
Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлиги ўйинлари якунига етди. Унда Ўзбекистон 158та медал билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан кейинги 2-ўринни эгаллади. 24 та спорт тури бўйича қатнашган 268 нафар спортчимиз 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медали билан қайтди.
51 та олтиндан 15 тасини оғир атлетикачилар олиб берди. Беллашувларнинг охирги кунида 47 ёшли афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Президент қарорига асосан, спортчиларга ҳар бир олтин медал учун 5 минг доллардан пул мукофотлари берилмоқда. Кумуш ва бронза медаллари учун мукофот миқдори мос равишда 3 минг ва 2 минг доллар деб белгиланди. Ғолиб ва совриндорларнинг мураббийларига ҳам ҳар бир медал учун минг доллардан 2,5 минг долларгача рағбат пуллари берилади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Наманганда ноёб Қуръони Карим мусҳафи ўғирлаб кетилди. XIX аср охирида ёзиб тугатилган мусҳаф Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳида сақланаётганди. Кўп ўтмай қўлёзма Наманган шаҳридаги хонадонлардан бирига яшириб қўйилгани аниқланди. Ўғирликда гумон қилинаётган икки киши қўлга олинган.
Гулнора Каримова ва унинг жиноий шериклари ўмарган 131 млн доллар Ўзбекистон халқига қайтарилади. 16 август куни бу борада якуний битим имзоланди. Бу пуллар халқ манфаати учун ишлатилишини Швейцария томони ва БМТнинг траст фонди назорат қилади.
Наманганда эр-хотин тарвуздан заҳарланиб вафот этгани тахмин қилиняпти. Норин туманида яшаган чол-кампир бозордан сотиб олиниб, 2 кун музлаткичда сақланган тарвузни истеъмол қилган. Уларнинг икки фарзанди ва икки невараси ҳам овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган. Якуний хулосани экспертиза беради.
Президент фармонига асосан, экологик ҳуқуқбузарликлар бўйича чора кўриш ваколати профилактика инспекторларига ҳам берилди. Энди, улар, масалан дарахт кесаётган шахсларни ўзлари мустақил жаримага торта олади. Жариманинг 30 фоизи ўзларига мукофот қилиб берилади.
Мавзуга оид
12:05 / 31.12.2025
Йил якунлари: Ўзбекистон 2025 йилни қандай ўтказди?
09:00 / 28.12.2025
2026 йилги режалар, янги газ кони ва бюджетнинг ёпиқ муҳокамаси — ҳафта дайжести
09:00 / 21.12.2025
Энергетикада катта истеъфо ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
10:00 / 14.12.2025