Ўзбекистон | 08:00
1829
18 дақиқада ўқилади

Заҳарланган болалар ва безори “ёш бойваччалар” — ҳафта дайжести

Пойгачи ўсмир ЙПХ ходимини уриб кетди: тизимли хатолар энди тан олинадими? Боғчаларда яна оммавий заҳарланиш: қандай қилиб учта идора Фарғона ҳокимини тўхтатолмаган? Биринчи пулли йўл қурилиши бошланди: хусусий шерик нега яшириляпти? Якунланган ҳафтанинг муҳим воқеалари шарҳи – Kun.uz дайжестида.

55 та қоидабузарлик. Эллик олтинчиси ўлим билан тугади

Ўзбекистонликлар камера қаршисида айтилган “пушаймонман, минг бор узр” деган гапларни кўп эшитган. Лекин бир неча кун олдинги воқеа аввалгиларидан фарқ қилади: қоидабузар бу гал йўл-патрул хизмати ходимининг умрига зомин бўлди.

Чоршанба куни кеч соат ўнга яқин, Тошкентнинг Миробод бозори олдида хизмат вазифасини бажараётган кичик сержант Ҳосилбек Эшназаровни BMW M4 русумли машина уриб кетди. Орадан 3 кун ўтиб, у шифохонада, 33 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Гувоҳномасиз рулга ўтирган, хусусий мактабнинг 10-синфида ўқийдиган Дониёр – одам ўлимига сабаб бўлган пайтида бошқа қимматбаҳо машиналар билан шаҳар кўчаларида пойга ўйнаётган бўлган. У панжара ортидан берган интервюсида ўз қилмишини “шўхлик” деб атади. Афсуски, йигитчанинг бу “шўхлиги” ортидан 3 нафар ёш бола отасиз қолди... Жиноят иши қўзғатилиб, ўсмир ҳибсга олинди.

Январ ойида BMW X5 ва X7 автомобиллари ЙПХнинг ишорасига бўйсунмасдан кетиб қолган воқеадан кейин Дониёрнинг отаси жаримага тортилиб, улар билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Жамиятда катта резонанс уйғотаётган бошқа воқеалар каби, бу авария ҳам бир кунда, тўсатдан рўй бериб қолмаган: ҳодиса узоқ вақт давомида шаклланиб келган воқеалар ва онгли қарорлар хронологиясининг фожиавий кулминацияси бўлган. Бир томондан, муқаддам бир неча марта қўлланган жарималар боласига тарбия бермаган бадавлат отанинг кўзини очмаган бўлса, бошқа томондан масъул идоралар узоқ йиллардан бери қоидабузарларнинг бошини силаб келаётган, устига устак охирги йилларда кўпайиб кетган кўча пойгаларига панжа ортидан қараётган эди.

Жамиятдаги қонун-қоидаларга мутлақо тупуриб қўйиб, одамлар ҳаётига хавф солаётган кимсаларга нисбатан давлатнинг машъум бағрикенглиги – айнан шу кейсда ҳам яққол кўзга ташланади. Маълум бўлишича, BMW M4 автомобили Лейла Атаджанова исмли шахсга тегишли бўлиб, у 2024 йилдан ҳозиргача камида 18 марта машинани бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга ҳайдаш учун берган, яна 37 марта бошқа турдаги йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган. “Жамоат хавфсизлиги” деб бошланувчи узундан узун номга эга тузилмалар эса, қисқа вақтда 55 марта қоидабузиш фактини жамоат хавфсизлигига таҳдид деб ҳисобламай юраверган. Эҳтимолки, “қоидабузарлик кўп бўлса, тушум ҳам кўп бўлади” деган бузуқ принципда иш тутилган... Охир-оқибат, 56-қоидабузарлик ана шу тузилманинг ўз вакилини ҳаётдан олиб кетди.

Дониёрнинг отаси интервюсида ўғлига “лоқайд” муносабатда бўлганини айтади. Худди шундай, амалдорлар ҳам йиллар давомида йўллардаги потенциал қотилларни шундай эркалатиб келяпти. “Пушаймонман, кўзим очилди, минг бор узр” деган гапларни айтиш навбати аллақачон тизим раҳбарларига ҳам етиб келган. Тегишли идоралар йўл ҳаракати соҳасидаги тишсиз қонунларни ўткирлаштириб, жазолар муқаррар ва превентив характерга эга бўлишини таъминламас экан, ҳаммаси эски ҳаммом, эски тоскилигича қолаверади.

ИИВ марҳум ходимини “фидокорона хизмат қилган қаҳрамон ўғлон” деб таърифлаган бўлса-да, бу такаллуф қанчалик самимий эканига вақт ўтиши билан, воқеалар ривожига қараб баҳо берсак бўлади: агар вазирлик раҳбарияти ана шу қаҳрамон ўғлоннинг вафоти ҳаққи-ҳурмати кўчалардаги ғирт ёввойи муҳитни тартибга келтирмаса, унда вазирликнинг некрологи шунчаки расмиятчилик бўлган деган хулосага келиш мумкин.

“Юзта танишинг бўлсин...”

Ҳафтанинг яна бир антиқаҳрамони – 23 ёшли Асадбек Жумаев. У автомобилларни тюнинг қилиш билан шуғулланадиган Uzbelas Performance номли автосервисни бошқаради. YouTube'даги видеоларига қараганда, ўзи ва дўстларини Тошкентнинг “ёш бойваччалари” деб атайди. Мигалка ва сирена ўрнатилган қимматбаҳо уловлар билан қўштирноқ ичида “обрў” қозонган. Шаҳар кўчаларида қоидабузар шериклари билан дрифт қилиш, шашка юриш каби йўл безорилигини бир неча марта содир этган.

Асадбек ва Дониёр – ўзаро таниш. Уларни январ ойида шов-шув бўлган иккита BMW (X5 ва X7) воқеаси боғлаб туради. Ўшанда Дониёр авторақам тақилмаган, мигалка ўрнатилган X5'ни бошқариб, ЙПХ ходимларининг буйруғига жавобан тўхтагандек бўлган, лекин кейин калака қилгандек қочиб кетган. Ўша воқеа видеосини интернетга Асадбек жойлаган ва бунинг учун, ўзининг айтишича, бошқалар 15 суткага қамаладиган жойда у таниш-билишларини ишга солиб, “ўнта минималка” билан қутулиб кетган. Жумаев инстаблогерга берган интервюсида бу қилмишидан “фахрланишини”ни урғулайди:

— Кимдир бу нарсанинг орқасидан 15 суткага кириб кетолади, но биза кичкина “штраф” билан “отделаться” қилдик. В размере десяти минимал. [...] Не имей сто рублей, а имей сто друзей.

2-3 йилдан кейин шу видеони кўрсангиз, сизда қанақа реакция бўлади?

— Барибир фахрланаман. Барибир фахрланаман... Да, может быть, биза яхши иш қилмадик, но барибир фахрланаман. Чунки, как минимум, мы живём свою жизнью, которую запомним.

Ўшанда суд Асадбек Жумаевни орган ходимларини обрўсизлантирувчи видео тарқатишда айблаб, бу қилмиш учун минимал жазо – БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима тайинлаган. Эҳтимолки, у жаримани 15 кунда тўлаб, 50 фоизлик имтиёздан фойдаланган, шу сабабли ҳам интервюда “ўнта минималка” деган бўлиши мумкин.

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, Асадбекнинг бу интервюси интернетда муҳокамаларга сабаб бўлиши – Дониёр ЙПХ ходимини уриб кетиши билан бир вақтга тўғри келди. Қонунни менсимаётган икки бадавлат йигитчанинг қилмишлари кетма-кет оммага чиқиши – тармоқлардаги резонанс оловини баттар алангалатиб юборди.

Маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган Асадбек Жўраев / Фото: Ижтимоий тармоқлар

ИИББ Асадбекни ҳам камера қаршисида узр сўраттирди, прокуратура эса январ ойи бошидаги суд қарорига протест киритди. Натижада қарор бекор қилиниб, жазо оғирлаштирилди: мақтанчоқ қоидабузар жума куни 10 суткага маъмурий қамоққа олинди. Маълумот учун, 10 сутка – орган ходимларини обрўсизлантириш моддаси бўйича бериладиган максимал жазо демакдир.

Вазирлик, агентлик ва қўмита қоидабузар ҳокимни нега тиёлмаган?

Боғча болаларининг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ навбатдаги ҳодиса Фарғонада рўй берди. 20 феврал куни шаҳардаги бир нечта давлат боғчаларига борадиган жами 60 дан ортиқ бола овқатдан заҳарланиш гумони билан шифохонага ётқизилган. Уларда иситма, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби белгилар кузатилган, айрим болалар реанимацияга ҳам олинган. Заҳарланишдан 4 кун ўтиб, воқеа ОАВда кенг ёритилганидан кейингина жиноят иши қўзғатилди.

Исталган нохуш воқеанинг тагини кавласа, тизимли муаммолар чиқиб келаверади. Фарғонадаги заҳарланиш ҳам бундан мустасно эмас. У ерда боғчаларга Garden Catering Trade номли кейтеринг корхонаси хизмат кўрсатади, ва бу корхона фаолияти аввалбошданоқ шубҳали эди: Kun.uz 2024 йилда Қувасойдаги бу лойиҳа бўйича суриштирувлар эълон қилган, ўшанда лойиҳанинг ўзбекистонлик ташаббускори Муаззам Иброҳимова ва туркиялик инвестор Қувасой шаҳри ҳокими Зафар Тўрақуловнинг устидан: “У лойиҳамизни тортиб олмоқчи” дея шикоят қилган эди. Тўрақулов айбловни рад этган бўлса-да, Kun.uz таъсис этилган фирмадаги 40 фоиз улуш унинг қариндоши номига расмийлаштирилганини аниқлаган эди. Лекин Бош прокуратура ва бошқа идоралар бу ҳолатга кўз юмганди.

Бу можародан кейин кейтеринг лойиҳасининг юридик муассиси ўзгарган ва очилганига ҳали 2 ой ҳам бўлмаган Garden Catering номли компанияга давлат боғчалари ҳеч қанақа тендерсиз бириктириб берилган эди. Ҳайратланарлиси шундаки, 2024 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам, Рақобат қўмитаси ҳам қонунчилик бузилаётганини тасдиқлаб, Garden Catering билан тузилган тендерсиз келишувларни бекор қилишни талаб қилган, лекин Фарғона вилояти ҳокимлиги бу огоҳлантиришларга парво қилмаганди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати

Бошқача айтганда, вилоят ҳокимининг қарорини бекор қилишга республика даражасидаги нақ учта идоранинг кучи етмаган. Масалан, ўшанда вазирлик кейтеринг корхонасидаги таомлар рецептураси тегишли талабларга жавоб бермаслиги, овқатларни ташиш ва сақлашда санитария-гигиена талаблари бўйича тизимли ишлар белгилаб олинмагани, овқатлар сифатини кунлик назорат қилиб бориш бўйича лаборатория йўқлигини маълум қилган эди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги куни кеча Kun.uz'га тақдим этган расмий муносабатни ўқиймиз:

“Фарғонадаги вазият – коррупцияга қарши курашиш қонунчилиги нормаларига беписанд қараш ва назорат органлари кўрсатмаларини ижро этмаслик қандай оқибатларга олиб келишини яққол кўрсатиб турибди. Тендер жараёнларини аффилланган шахслар фойдасига четлаб ўтиш нафақат бюджетга зарар етказади, балки болалар ҳаёти ва соғлиғини тўғридан тўғри хавф остида қолдиради”.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова Тошкент вилоятидаги боғчаларда кузатилган оммавий заҳарланишдан кейин ўрганиш ўтказмоқда. 2025 йил, сентябр / Фото: Вазирлик матбуот хизмати

Фарғонадаги заҳарланиш – ўтган йили кузда Жиззах ва Тошкент вилоятлари боғчаларида кузатилган худди шундай ҳолатлардан кўп ўтмай, ҳали ўша жиноятлар бўйича ҳуқуқий жараёнлар тугамай туриб рўй бергани эътиборли. Олий суднинг жума кунги хабарига кўра, Тошкент вилоятидаги боғчаларда 2 мингга яқин боланинг заҳарланиши билан боғлиқ иш жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг иш юритувига келиб тушган. Бу ишда 11 кишига, жумладан, таъминотчи Shark Milk Product компаниясининг раҳбарлари ва аутсорсинг фирмалари директорларига нисбатан айблов эълон қилинган. Улардан 10 нафари қамоқда, 1 кишига эса уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Шу кунларда Фарғона шаҳрида боғчадан соғ-омон қайтмаган яна бир бола иши бўйича тергов кетяпти. Kun.uz суриштирувига кўра, экошаҳардаги 66-сонли давлат боғчасида 6 ёшли тарбияланувчи юқори кучланишли трансформатор пунктига йиқилиб, ток уриши оқибатида тана аъзолари куйиб кетган. Мурғак боланинг тасаввурга сиғмас даҳшатли оғриқ ва азобларга гирифтор бўлишини шунчаки бахтсиз ҳодиса дейиш қийин, жиноят аломатлари яққол кўриниб турибди: масъулларнинг бефарқлиги шунчалик бўлганки, 2 йил олдин фойдаланишга топширилган боғча ҳудудидаги юқори кучланишли ток манбайи шунча пайтдан бери панжаралар билан ўралмаган, ертўладаги трансформатор пунктининг усти эса шунчаки целлофан пакет билан ёпиб қўйилган.

Бахтсиз ҳодиса юз беришидан аввалги ҳолат

Фожиа рўй бергандан кейингина ТПнинг атрофи панжара билан тўсилиб, ертўла усти мустаҳкам қилиб ёпилди. Воқеа 18 февралда рўй берган бўлса, бу ҳақда 25 феврал куни Kun.uz хабар берганидан кейингина жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Коррупция “хит-паради”

Яна бир собиқ ҳоким судда порахўр деб топилди. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманини 6 йил бошқарган Маҳмуд Холбўтаев ўтган йили ёзда 10 минг доллар пора олаётганида қўлга тушган эди. Зомин туман судининг чоршанба кунги ҳукми билан, у Жиноят кодексининг 4 та моддаси: пора олиш, талон-торож қилиш, ваколатидан четга чиқиш ва ер бериш тартибини бузишда айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У билан бирга ушланган ҳокимлик бош мутахассисига эса 7 йил берилди. Улар жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Ҳокимлик вакилининг бир даста доллар билан қўлга тушиши бу ҳафта Тошкент вилояти Қибрай туманида ҳам кузатилди. ДХХ хабарига кўра, туман ҳокимининг ёрдамчиси архив ҳужжатларини сохталаштириш орқали 4 сотих ерни харидор номига ўтказиб бериш учун 50 минг доллар талаб қилган, шундан 10 минг долларини олаётган пайтда ушланган.

Тошкент шаҳрида эса прокурор ёрдамчиси фирибгарлик устида қўлга тушди. Муқаддам Шайхонтоҳур тумани, ҳозир эса Учтепа тумани прокурорининг ёрдамчиси бўлиб ишловчи шахс уй ертўласини ижарага олиб бериш ваъдаси билан 15 минг олган пайтда ушланган. Бошқа бир ҳолатда, Ўзбекистондаги йирик банклардан бирида катта мансабда ишловчи шахс танишлари орқали 73 млрд сўмлик солиқ мажбуриятини йўқотиб бериш эвазига 110 минг доллар сўраб, шундан 30 минг доллар аванс олган пайтида қўлга тушди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Хайрулло Ибодуллаев

Санкт-Петербургда муҳожир ватандошимиз қаҳрамонлик кўрсатди. 36 ёшли Хайрулло Ибодуллаев 7-қаватдан тушиб кетган боланинг ҳаётини сақлаб қолган. Бунинг учун Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам давлат ва жамоат фаоллари унга эҳтиром кўрсатяпти. Ўзбекистон президентининг фармони билан Ибодуллаевга “Жасорат” медали топширилди. Петербург губернатори ҳам ватандошимизни кўкрак нишони билан мукофотлаб, бутун шаҳар номидан миннатдорчилик билдирди. Жамоат фаоллари эса унга 1 млн рубл (қарийб 158 млн сўм)лик пул мукофотини тақдим этди. Шунингдек, Ўзбекистон Миграция агентлиги Хайруллога истаган вақтда ватанга қайтиш учун авиачиптага алмаштириш мумкин бўлган сертификат совға қилди.

Бойсундаги М25 конини жиловлашнинг йўли топилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи вақтида маълум қилди. “Технологик мураккаб масалага ҳамкорларимиз билан илмий ечим топилди. Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига катта туртки берадиган лойиҳани ҳам бошлаймиз”, деди давлат раҳбари. “Ўзбекнефтгаз” хабарига кўра, кондаги вазиятни босқичма-босқич барқарорлаштириш учун Хитойнинг CNPC ва АҚШнинг Schlumberger компаниялари билан музокаралар олиб бориляпти. Эслатиб ўтамиз, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” – Ўзбекистонда ҳали фойдаланилмаган энг катта газ кони ҳисобланади. Айни пайтда, душанба кунги бошқа бир йиғилишда “Ўзбекнефтгаз”га янги майдонларда қидирув ишларини кучайтириш топшириғи берилди.

Сурхондарёга ҳам юқори тезликдаги поезд қатнови йўлга қўйилади. Президент раислигидаги йиғилишда айтилганидек, ҳозир Тошкент–Термиз йўналишидаги поезд 14 соатдан кўпроқ йўл босади. Шу сабаб Жанубий Кореядаги ҳамкорлар билан юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар етказиб бериш бўйича келишувга эришилган. Бунинг учун инфратузилмани тайёрлаш ишлари жорий йилдан бошланади. Бундан ташқари, Ўзбекистонни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган йўлни 30 йил ичида илк марта таъмирлаш, Термиздан Истанбул ва Дубай шаҳарларига авиарейсларни йўлга қўйиш режалаштирмоқда. Президент ташрифи вақтида Сурхондарёда умумий қиймати 7 млрд доллардан ошувчи жами 44 та лойиҳанинг қурилиши ва фаолиятига старт берилди.

Сурхондарёга оид яна бир хабар: Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Анвар Ражабов ўқитувчилардан мажбурий пул йиғгани тасдиқланди. Ўтган ҳафта бу туманда Рамазон ойида камбағал оилаларга хайрия қилиш учун мактаб ўқитувчиларига “солиқ солингани” ҳақида Kun.uz хабар берган эди. Бу ҳафта ушбу ҳолат расман тасдиқланди ва ҳоким ўринбосари ишдан бўшатилди. Унинг ҳаракатларига прокуратура ҳуқуқий баҳо бериши кутилмоқда. Бу ҳафта, шунингдек, давлат хизматчиларидан Тошкент шаҳар божхона бошқармаси собиқ бошлиғи Толибжон Саидов ҳам жамоатчилик диққат марказига тушди: у давлат раҳбарининг ёш кадрлар корпусини шакллантириш ҳақидаги топшириғидан кейин, бир гуруҳ ҳамкасблари қаторида тантанали равишда пенсияга кузатилган, лекин орадан 4 кун ўтиб, “Божхона сервис” давлат муассасига директор этиб тайинланган. Kun.uz бу ҳақда хабар бериши ортидан, Саидов янги лавозимидан ҳам бўшатилди.

"Ўзбекистон 24" лавҳасидан кадр

Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобил йўли қурилиши бошланди. Урганч ва Хива шаҳарларини боғлайдиган йўл ўртадаги масофани 1 соатдан 17 дақиқагача камайтириши айтиляпти. Трасса 4 тасмали, асфалтбетон қопламадан иборат бўлади, уни қуриш учун 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич ва 1 та туннел барпо этилади. 120 млн долларлик ДХШ лойиҳасидаги хусусий инвестор номи ва тегишли қарорлар ошкор этилмаётгани, инвестор тендерсиз танлангани, лойиҳалаш ишлари қурилиш жараёни билан параллел олиб борилаётгани каби қатор ҳолатлар – лойиҳанинг шаффофлиги ва аксилкоррупцион экспертизаси ҳақидаги саволларга асос бўлмоқда. Келгусида пулли йўлдан юриш учун қанчалик адолатли нарх ўрнатилиши – айни шу саволлар жавобига тўғридан тўғри боғлиқ бўлади.
 

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид