Тезкор-қидирув тадбирлари Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005 йилларда туғилган беш нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинони ижарага олиб, сохта колл-марказ ташкил этган.
Гуруҳга алоқадор яна бир 1989 йилда туғилган фуқаро эса ижарага олган хонадонга колл-марказ фаолиятида фойдаланиш учун ноқонуний GSM-шлюз қурилмасини ўрнатган.
Хабарда гуруҳга Тошкент вилоятида яшовчи, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс раҳбарлик қилгани айтилган.
Гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки фирибгарлар уларнинг номига кредит олишга уринаётганини билдирган. Шу баҳонада жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиб, банк карталаридаги маблағларни ўзлаштирган ва уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштиргани қайд этилган.
Тақдим этилган маълумотга кўра, жиноий йўл билан топилган жами 8 миллион АҚШ доллари криптовалюта кўринишида сохта МЧЖ орқали хорижий давлатга чиқарилиб, легаллаштирилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида ушбу фаолиятга алоқадор 10 нафар шахс аниқланган.
Хабарда банк номи, жабрланувчилар сони ва маблағлар қайси давлатга чиқарилгани очиқланмаган.















