15 октябр куни кечқурун Москванинг Шереметево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар жорий этилди.
Росавиация хабарига кўра, чекловлар фақат 16 октябр тонгига келиб олиб ташланган. Тунда бу аэропортларда қарийб 160 та рейс қолдирилган. «Москва» агентлиги хабарига кўра, уларнинг аксари Внуково ва Шереметево аэропортларига тўғри келади (мос равишда 66 ва 79 тадан).
Москва шаҳри мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, бу вақт оралиғида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия пойтахти томон келаётган 94 та дронни уриб туширган.
Тунда Петербургдаги Пулково аэропорти ҳам ёпилди. Бу ерда чекловлар фақат эрталабки соат 9 га келиб олиб ташланган. «Фонтанка» нашри хабар беришича, тунда учиши керак бўлган 37 та рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган, шунингдек, аэропорт тўққизта рейсни қабул қила олмаган. Ленинград области губернатори Александр Дрозденкога кўра, регион узра тўртта дрон уриб туширилган.
The Atlantic нашри журналисти Саймон Шустер ўз манбасига таяниб, Украинанинг Россиядаги аэропортлар фаолиятини фалаж қилиб қўйишга қаратилган кампанияси «эндигина бошланаётгани» ҳақида ёзди. 1 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленский «дронлар кутилмаганда пайдо бўлиши хавфини инобатга олиш»га чақириб, Россия осмони «хавфли бўлиб бораётгани» ҳақида огоҳлантирганди.
Шустернинг манбаларига кўра, сўнгги ҳафталарда Украина узоқ масофага учувчи дронлар ёрдамида Россия аэропортлари атрофидаги ҳаво ҳудудидан фойдаланишни қийинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, ҳозирча Зеленский анча тажовузкор тактикани назарда тутган дастлабки режани амалга оширишни маъқулламаган.
Кампаниянинг янада кенг кўламли варианти Россиянинг ҳаво мудофаа тизимларини четлаб ўта оладиган сунъий интеллектли дронлардан фойдаланишни ўз ичига олади. The Atlantic манбаларидан бирининг хабар беришича, бундай дронларни оммавий ишлаб чиқариш тез орада бошланиши керак.
Нашрнинг ёзишича, дастлабки режани собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров фаол илгари сурганди. Июл ойида у истеъфога чиққанидан сўнг, режани ишлаб чиқиш тўхтаб қолганди.
Октябр ойида Москва аэропортларидаги тўхталишлар кўпайди. «Агентство» ҳисоблашича, ойнинг дастлабки икки ҳафтаси мобайнида тўртта аэропортдаги ёпилишлар вақти жами 101 соатни ташкил этган, сентябрда бу кўрсаткич 46 соатга тенг бўлганди. 14 октябрга ўтар кечаси Москвадаги аэропортларнинг барчаси бир вақтда ёпиқ бўлиши бўйича рекорд даражада етти соатлик кўрсаткич қайд этилган.

















