«Дунё» ахборот агентлиги тарқатган мурожаатда қайд этилишича, Саудия Арабистонида ички вазият барқарорлигича қолмоқда. Мамлакатда жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмаган.

Шунга қарамай, минтақадаги умумий вазият ҳаво қатновларига таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, парвозларнинг кечикиши, йўловчиларнинг бошқа рейсга ўтказилиши ёки парвоз йўналишининг ўзгариши эҳтимоли бор. Транзит йўналишлари ва кутиш вақтларидаги ўзгаришлар ҳам сафар давомийлигига таъсир қилиши мумкин.

Шу боис элчихона фуқаролардан сафарни режалаштиришда ушбу ҳолатларни ҳисобга олишни сўраган.

Ватандошларга Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик ҳамда хавфсизлик бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш тавсия этилган.

Шунингдек, ҳарбий объектлар ва турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзи билан олиб юриш сўралган.

Зарур ҳолларда фуқаролар қуйидаги рақамлар орқали Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиши мумкин:

Ар-Риёддаги Ўзбекистон элчихонаси:

• Телефон: +966 11 263 52 23.

• Консул Шуҳрат Ибрагимов: +966 56 721 77 31 — Telegram ва WhatsApp.

Жиддадаги Ўзбекистон Бош консулхонаси:

• Телефон: +966 12 607 72 50.

• Консул Азимжон Қобилжонов: +966 59 439 08 50 — Telegram ва WhatsApp.

Элчихона барча ватандошларни эҳтиёткор бўлишга ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирган.