“Моҳирдев” платформаси асосчиси Анвар Нарзуллоҳ фикрича, технологик тараққиёт айрим касбларнинг йўқолишига сабаб бўлади, шу билан бирга, янги ишлар ва фаолият йўналишларини ҳам юзага келтиради.

"Шу вақтга қадар ҳаётимизга кириб келган ҳар бир янги технология айрим касбларни йўқотган. Масалан, АТС пайдо бўлишидан олдин телефонларни қўлда улаб берадиган операторлар бор эди. Минглаб одамлар шу иш билан шуғулланган. Автоматик телефон станциялари жорий этилгач, мазкур касбга эҳтиёж қолмади. Аммо унинг ўрнига бошқа вазифалар шаклланди.

Интернет ҳам мобилограф, СММ мутахассиси, копирайтер, дастурчи каби илгари мавжуд бўлмаган касбларни юзага келтирди. Бугун эса сунъий интеллект айрим вазифаларни ўз зиммасига олмоқда. Бу ходимнинг иши тугайди дегани эмас. Аксинча, инсон сунъий интеллект бажара олмайдиган вазифаларга кўпроқ эътибор қаратади", — дейди эксперт.

Суҳбатда сунъий интеллектдан фойдаланиш инсон меҳнатини бутунлай алмаштириш эмас, балки уни енгиллаштиришга хизмат қилиши мумкинлигига мисол сифатида тиббиёт соҳаси келтирилди.

Хусусан, шифокорлар беморни қабул қилиш билан бирга, кўплаб ҳисобот ва ҳужжатларни ҳам тайёрлашига тўғри келади. Сунъий интеллект эса мутахассис ва бемор суҳбатини аудио шаклида қайд этиб, уни матнга айлантириш ва белгиланган форматда ҳисобот тайёрлашда ёрдам бериши мумкин. Бунда якуний қарор ва масъулият шифокорнинг ўзида қолади, технология эса ҳужжат ишларига сарфланадиган вақтни қисқартиради.
Интервюни тўлиқ шаклда Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.