Самарқандда 13 ёшли болани Damas’га занжирлаган шахсга суд ҳукми ўқилди
Суд айбланувчини Жиноят кодексининг иккита моддаси билан айбдор деб топган ва унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.
Аввалроқ, Самарқанд шаҳрида 13 ёшли бола Damas’га оёғидан занжирлаб қўйилгани, уни шу кўйга ўқитувчиси солгани ҳақида хабар бергандик. Маълум бўлишича, мактаб ўқувчисини оёғидан занжирлаган шахсга суд ҳукми ўқилган.
Болани ўткинчилар Самарқанд шаҳрида тўхтаб турган Damas’га занжирлаб қўйилганиини кўриб қолган ва уни тасвирга олиб ижтимоий тармоқларда тарқатди.
Ҳолатга дарҳол тегишли ташкилотлар эътибор қаратди ва вазиятни ўрганди. Маълум бўлишича, бола Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Қалқон-жасорат ҳарбий спорт мактаби 6-синф ўқувчиси 2011 йилда туғилган Ш.Ш. бўлган.
Ш.Ш.нинг васийлари Ж.С. ва Э.М. мазкур мактаб ўқитувчиси Х.Ш.ни чақириб, хулқи оғирлиги туфайли болани Самарқанд вилояти Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб боришни сўраган.
2024 йил 15 март куни ўқитувчи Ш.Х. болани Самарқанд шаҳрига олиб келган ва машинадан тушиб қочиб кетмасин, деган важ билан уни Damas’нинг орқа ўриндиғига занжирлаб қўйган.
Шундан сўнг ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, Жиноят кодексининг 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судида болани ғайриқонуний тарзда занжирлаган шахсга нисбатан суд мажлиси бўлиб ўтган.
Суд судланувчи Ш.Х.ни Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни қийнаш), 138-моддаси 2-қисми “а” банди (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан айбли деб топган. Унга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024