Американинг Теннесси штатида 30 сентябр куни 50 ёшли маҳбус, 31 йил олдин одам ўлдирган Криста Пайкни қатл этмоқчи бўлишди. Агар ҳукм ижро этилганида, Пайк мазкур штатда 1820 йилдан кейинги даврда қатл этилган илк аёл бўлган бўларди (бутун АҚШ бўйича 1970-йиллардан буён жами 18 аёл қатл этилган, қатл этилган эркаклар сони эса 1 663 нафарни ташкил этади).
1995 йилда Пайк ва унинг йигити Тадарил Шипп Коллин Слеммер исмли қизни ўлдиришади – жуфтлик ўз қурбони билан хулқ-атворида муаммоси бўлган ўсмирлар учун касбга тайёрлаш лагерида танишиб қолишганди. Ўшанда 18 ёшда бўлган Пайк биринчи даражали қотиллик содир этишда айбдор деб топилади ва ўлим жазосига ҳукм қилинади. Жиноятни содир этиш вақтида вояга етмаган (17 ёш) бўлган Шипп эса шартли равишда муддатидан олдин озод қилиш имконияти билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Ҳукм эълон қилинганидан кейин Пайкнинг болалиги оғир ўтгани ва саломатлигида муаммолари борлиги маълум бўлади. Ота-онаси қизига етарлича вақт ажратмаган, ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учраган, 11 ва 17 ёшларида эса зўрланган. Кейинроқ унга посттравматик стресс ва биполяр бузилиш ташхиси қўйилади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Amnesty International ва Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқи (ACLU) Теннесси губернатори Билл Лини вазиятга аралашиб, ўлим жазосини бошқа жазо билан алмаштиришга чақирди.
Афв этиш ҳақидаги илтимосномада Пайкнинг ўзи фақат йиллар ўтибгина ўз жиноятини тўлиқ англай олганини ёзган: «Мен руҳий жиҳатдан носоғлом 18 ёшли бола эдим. Қилган ишимнинг оғирлигини тушуниш учун менга йиллар керак бўлди. Ва бу қанча одамга таъсир қилганини англаш учун янада кўпроқ вақт. Мен кимнингдир фарзандини, синглисини, дўстини ҳаётдан маҳрум қилдим. Бундай жиноятга қўл урганим ҳақидаги фикр ҳозир кўнглимни оздиради».

Пайкнинг адвокатлари унга чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилиши Теннесси штати учун фавқулодда бўлишига эътибор қаратган. Шу вақтгача штатда Пайкдан ташқари фақат етти нафар маҳбус 18 ёшида содир этган жинояти учун ўлим жазосига ҳукм қилинган. Кейинчалик бу ҳолатларнинг барчасида ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Шундай қилиб, Пайк Теннесида ўсмирлик даврида содир этган жинояти учун қатл этиладиган ягона одам бўлиши мумкин.
Губернатор 28 сентябр куни афв этиш ҳақидаги илтимосномани рад этди.
















