Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб алкоголсиз ичимликларни таркибидаги шакар миқдорига қараб турли рангларда маркировкалаш тартиби жорий этилиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Таклифга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликларни тамғалашда ҳар 100 мл маҳсулотнинг таркибидаги умумий шакар миқдоридан келиб чиқиб қуйидаги мажбурий огоҳлантирувчи ёзувлар қўлланилади:

  • 5 граммдан 8 граммгача шакар мавжуд бўлганда — сариқ фонда қора рангда “ЎРТАЧА ШАКАР МИҚДОРИ”;

  • 8 граммдан 11 граммгача шакар мавжуд бўлганда — тўқ сариқ фонда қора рангда “ШАКАР МИҚДОРИ ЮҚОРИ”;

  • 11 грамм ва ундан юқори шакар мавжуд бўлганда — қизил фонда оқ рангда “ЖУДА ЮҚОРИ ШАКАР МИҚДОРИ — ТЕЗ-ТЕЗ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ САЛОМАТЛИККА ЗАРАР”.

Бунда мазкур ёзувлар қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:

  • маҳсулот қадоғининг олд қисмида жойлаштирилиши;

  • қадоқ умумий юзасининг камида 15 фоизини эгаллаши;

  • контрастли рангларда ифодаланиши;

  • истеъмолчи томонидан биринчи қарашда аниқ кўринадиган тарзда жойлаштирилиши;

  • маҳсулот таркиби, калорияси ҳамда кунлик истеъмол меъёри тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан таъминланиши.

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси:

  • 2027 йил 1 мартгача алкоголсиз ичимликларни лаборатория таҳлилидан ўтказиш бўйича ягона методикани тасдиқлаши;

  • 2027 йил 1 сентябрга қадар мазкур методика асосида аккредитациядан ўтган лабораторияларда шакар миқдорини аниқлаш амалиётини йўлга қўйиши таклиф этилмоқда.