Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хорижга виза олиш ва ишга жўнатишни ваъда қилган фирма одамларни алдаб кетгани айтилмоқда
Kun.uz’га мурожаат қилган фуқарога кўра, ADWorld фирмаси ҳар бир одамдан салкам 6 млндан 26 млн сўмгача пул олган, аммо шартномавий хизматларни кўрсатмаган. Тўловни қайтаришнинг эса имкони бўлмаяпти. Рақобат қўмитасига кўра, аввалроқ бу фирмага ҳуқуқий чора кўрилган.
Европа давлатларига ишга жўнатиш, виза олишда ёрдам қилишни ваъда қилувчи фирма кўплаб одамларни чув туширгани айтилмоқда.
Тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, машҳур блогерлар ёрдамида ўзини реклама қилиб, мижозларни тўплаган ADWorld фирмаси киши бошига салкам 6 млндан 26 млн сўмгача тўлов қилдирган, аммо бу тўловга яраша шартномавий хизматларини кўрсатмаган. Фуқаролар пулларини қайтариб ололмаётганидан норози.
“5 ойдан бери сарсон бўлиб юрибмиз, пулларимизни ҳам қайтаришмаяпти, Европага виза ҳам қилиб бера олишмади. Бу фирмадагиларнинг офисидаги ҳамма нарсасини йиғиштириб олиб чиқиб кетяпмиз”, – дейди видеомурожаат йўллаганлардан бири.
Айни вақт машҳур блог юритувчи томонидан АДWорлд реклама қилинган видео фирманинг инстаграм саҳифасидан ўчириб ташланган. Kun.uz шу фирмадан шикоят қилган фуқаролардан бири билан боғланди. Унинг айтишича, алданганлар юз нафардан ортиқ.
"Бу компания бизга виза, авиачипталар ва иш жойларини ваъда қилган. Ишчилар “100% кафолат”, “визасиз пул қайтади” деб айтишган. Айрим блоггерлар бу компанияни ишончли деб тарғиб қилган. Аммо орадан ойлар ўтди, виза ҳам йўқ, хизмат ҳам йўқ, пуллар ҳам қайтарилмади.
Биз бу масалада 2025 йил 27 июнда Тошкент шаҳридаги АДWорлд офисига бориб, 102 рақамига мурожаат қилдик. Компания вакили Файзуллоҳ деган йигит ёзма мажбурият хатини ёзиб берди: "Июл ойида ҳамманинг пулини қайтарамиз", деди.
Лекин июлда яна алдаш давом этди. Энди 31 июлга қолдиришди. Ҳозир эса яна баҳона “кутинглар” дейишмоқда. Айримимиз Жиззахдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза бердик, айримлар 102га қўнғироқ қилдик, лекин ҳозиргача ҳеч қандай натижа йўқ.
Бизнинг умумий зарарланган сумма 60–70 миллион сўмдан ошган. Бу фақат биз билган одамлар. Яна қанча фуқаро алданаётганини билмайсиз", – дейди таҳририятга мурожаат қилган жиззахлик фуқаро.
ADWorld фирмаси ҳақида Kun.uz'нинг инстаграм саҳифасида видео эълон қилингач, фирма раҳбари Дилмурод Юсупов Kun.uz билан боғланиб, уни ўчириб ташлашни сўради. Унинг айтишича, ҳолат хато талқин қилинган. Ҳозирда жабрланганларга тўлов суммаларини қоплаб бериш жараёни кетмоқда. Аммо Юсупов уларнинг сони ва зарар суммалари қанча эканини очиқлашни истамади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 18 июн хорижда ишлаш ва ўқиш учун “осон” боришни ваъда қилаётган талайгина консалтинг фирмалардан эҳтиёт бўлишни маълум қилган.
Хусусан, Европанинг Ирландия, Англия, Дания, Норвегия каби давлатларига ишга юбориш тўғрисида эълонлар бериб, фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келаётган фирмалар қаторида ADWorldʼга ҳам ҳуқуқий чоралар қўлланган.
Мавзуга оид
09:19
Лиепая ва Клайпеда портлари орқали ўзбек маҳсулотлари Европага етказилиши мумкин
18:50 / 13.12.2025
Россияда қийин аҳволга тушган ўзбекистонликларга бепул ётоқ берилади
12:47 / 13.12.2025
Малайзияга сафар қилаётган ўзбекистонликлар учун муҳим талаблар маълум қилинди
10:42 / 13.12.2025