Ўзбекистон | 17:48 / 13.12.2025
2978
2 дақиқада ўқилади

Водийда метан-шохобчаларга контейнерларда газ ташиш синаб кўрилади

Қишнинг совуқ кунларида, водий вилоятларида газ босими тушиб кетган пайтда, метан-шохобчаларга сиқилган табиий газ махсус юк машиналарида ташиб олиб борилади. Бунинг учун Ўзбекистон Хитойдан 150 та кўчма контейнерни буюртма қилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бу контейнерлар сиқилган метан газни Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги 50 та метан-шохобчага ташийди. Пилот лойиҳа учун ҳар бир тумандан биттадан шохобча танлаб олинган. Ҳар битта контейнер 9000-9500 кубометргача газни таший олади.

Бу ҳақда ўтган ойда Энергетика вазирлиги ташкил этган пресс-турда маълум қилинган эди. Куни кеча вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов парламентдаги чиқишида бу масалада қўшимча маълумот берди.

“Бу йил янги ташаббус ташкил қилинди. Газ таъминоти энг оғир, босим энг паст бўладиган ҳудудимиз – Фарғона водийсида иккита йўналишда иш ташкил қилдик. Биринчиси, қўшни давлатдаги мавжуд транзит қувурдан фойдаланган ҳолда, яқинроқ масофадан – Ҳовос–Фарғона линиясидан газ таъминланяпти. Иккинчиси, биз газ қуйиш шохобчаларига газ ташийдиган 150 та кўчма контейнерларни олиб келдик”, – деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, трейлерлар ва контейнерлар аллақачон олиб келинган бўлиб, уларнинг базаси Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида бўлади. Бу ерда контейнерларни тўлдирадиган метан-шохобча фаолияти 22 декабргача йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

“Бу нимани таъминлайди? Газ заправка ўчган вақтида, биз қуйиш шохобчасидан 150 та “кўчма АГТКС”ларни тўлдирган ҳолда, 5 мингдан 10 минг куб метргача газни таший оламиз. Ҳозирги кунгача бу тизим 14 та метан-шохобчада синаб кўрилди. [Бешариқдаги] қуядиган шохобчаси 22 декабргача ишга тушганидан кейин, Фарғона водийсида захира сифатида фойдаланиладиган тизим жорий қилинади”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Мавзуга оид