Жамият | 12:01 / 12.12.2025
11435
2 дақиқада ўқилади

Газ йўқ ҳудудлардаги истеъмолчилар учун электрга 50 фоиз чегирма берилиши мумкин

Бу турдаги имтиёз қўлланиши учун газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи маиший истеъмолчилар субсидияланадиган нархлардаги суюлтирилган газ, кўмир ёки табиий газдан фойдаланмаётган бўлиши керак.

Газлаштирилмаган ҳудудлардаги ҳовлилар учун имтиёзли тарифларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

«Таклифлар лойиҳасига кўра, овқат тайёрлаш учун электр плиталари билан жиҳозланган, иситиш тизими тўлиқ электрлаштирилган, марказлашган иситиш тизими ва табиий газ тармоқларига уланмаган кўп қаватли уйлар, ётоқхоналар ҳамда газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи маиший истеъмолчиларга (субсидияланадиган нархлардаги суюлтирилган газ, кўмир ёки табиий газдан фойдаланмаган тақдирда) ойлик истеъмол ҳажмига қараб:

  • иситиш мавсумида — 2000 кВт·соатгача;
  • иситиш мавсумидан ташқари — 1000 кВт·соатгача;

Электр энергияси истеъмоли учун амалдаги тарифларга нисбатан 50 фоизгача чегирма қўллаш назарда тутилмоқда. Таклифлар идоралараро тартибда келишилган», дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳозирда мавжуд электр тармоқларининг ортиқча юкламани қабул қилиш имконияти бўйича техник аудит давом этаётгани, шунингдек, Энергетика вазирлиги, ИМВ, Ўзэнергоинспекция, ҲЭТ АЖ ва ҲГТ АЖ томонидан қўшимча ўрганишлар олиб борилаётгани қўшимча қилинган. 

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид