Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБнинг уч ходими жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1987 йилда туғилган Фарҳод Қораев Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ катта тезкор вакили, 1986 йилда туғилган Баҳром Шоназаров ва 1991 йилда туғилган Каримжон Мирзабоев эса ППХ инспектори лавозимида ишлаган.

Жиноят тафсилотига кўра, Зангиота туманидаги манзил колониясида жазо муддатини ўтаб келаётган Мирҳошим Кутепетдинов кўп миқдорда гиёҳванд модда сотиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган. У 2024 йил август ойи бошларида инспектор Баҳром Шоназаровга Янгиҳаёт тумани, Катта халқа йўли кўчасида жойлашган “Minerva City” турар жой мажмуасининг қурилиши тугалланмаган биноси рўпарасига кўп миқдордаги гиёҳванд модда яшириб кетилишини, уни қора рангли Spark машинасида борган шахслар олиб кетишини айтади. Мирҳошим Кутепетдинов Баҳром Шоназаровдан ушбу наркотик моддаларни унинг танишлари хавфсиз олиб кетишини таъминлашни сўраган ва ўзининг жиноий режасини амалга оширишда ёрдам беришга рози қилган.

2024 йил 4 августга ўтар кечаси Баҳром Шоназаров ППХ инспектори Каримжон Мирзабоев билан бирга ўзларига бириктирилган ҳудуддан ташқарига чиқиб, гиёҳванд модда яширилган манзил атрофини хизмат машинасида айланиб юришган. Бироқ катта миқдордаги гиёҳванд модда яширилганидан Каримжон Мирзабоев бехабар бўлган.

Инспекторлар соат 2:00 ларда гиёҳванд модда яширилган жой яқинида турган Меҳроб Ашуров ва Шомуҳаммад Шотурсуновни кўриб қолишган. Сўнгра уларнинг олдига бориб, нима мақсадда бу ерда юрганликлари ҳақида сўрашган. Баҳром Шоназаров Меҳроб Ашуровнинг телефонини кўздан кечириб, 5 грамм синтетик гиёҳванд воситаси яширилган жой фотосурати ва геолокациясини кўрган ҳамда “закладка” учун келганини аниқлаган. Аммо инспектор номаълум шахслар томонидан олиб кетилишини ўзи таъминланиши лозим бўлган ва ўша атрофда яширилган гиёҳванд модда Меҳроб Ашуров ҳамда Шомуҳаммад Шотурсуновга тегишли деб ўйлаган.

Баҳром Шоназаров Меҳроб Ашуровнинг қўлидан тортиб, ўзига олдиндан маълум бўлган жойга яшириб қўйилган гиёҳванд модда турган жойга олиб борган. Сўнгра гўёки ўзини ушбу жойдаги гиёҳванд моддани топиб олгандай кўрсатиб, ашёвий далилларни холислар иштирокисиз, ўз қўллари билан олган ҳолда машинаси юкхонаси устига қўйган. Инспекторлар Меҳроб Ашуров ҳамда Шомуҳаммад Шотурсуновга топилган гиёҳванд моддалар уларга тегишли эканини айтиб, ҳодиса жойига Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ЖТСБ ППХ инспекторлари ва Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ЖҚБнинг тегишли ходимларини чақиришган.